Ўзбекистоннинг КХШТга аъзо бўлиш хавфи борми?

Жамият

image

Ўзбекистон халқи, айниқса, билимли, дунёни кўрган ёшлари давлатнинг КХШТ каби бир тарафлама мақсадларга таянган ташкилотларга аъзо бўлишини истамайди. Бу ҳақда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Сайфиддин Жўраев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

Яхши маълумки, Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШ) СССР парчалангач, асосан Россиянинг ташаббускорлигида 1992 йил 15 май куни Тошкентда тузилган. Бу ташкилотга дастлаб Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Россия қўшилган. 1993 йилда Озарбайжон, Грузия ва Беларусь ташкилотга аъзо бўлган.

КХШ 1994 йил 20 апрелдан бошлаб кучга кирди. Имзоланган шартнома беш йилга мўлжалланган бўлиб, уни узайтириш ҳам мумкин эди. 1999 йилда Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришдан бош тортди ва КХШТ аъзолигидан чиқди. 2006 йилга келиб Ўзбекистон ташкилотдаги аъзолигини давом эттирди ва 2012 йилда яна аъзоликни тўхтатди. 

Айни вақтда ушбу ташкилот ва унинг фаолияти Қозоғистондаги намойишлар фонида кун тартибига чиқди.

Сайфиддин Жўраевга кўра, Ўзбекистоннинг бундай халқаро ҳарбий ташкилотларга аъзо бўлмаслиги жуда тўғри. Бу ҳолат давлатнинг бундан кейинги тараққиётига ҳам асос бўлади.

“Ўзбекистоннинг ҳарбий доктиринаси бўйича, давлатимиз ҳеч қандай ҳарбий ташкилотга аъзо бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудига бошқа давлатларнинг ҳарбийлари ёки ҳарбий қўшинларининг киришга ҳаққи йўқ. Бу ҳам ҳарбий соҳадаги эришган ютуқларимиздан бири. Давлатнинг ўз ҳарбий соҳаси бўлиши, мамлакатдаги ҳар бир фуқаро хавфсизлигининг кафолатидир. Демак, қонунларимиз ҳам бу ҳолатга йўл қўймайди. Шунингдек, халқимиз ҳам буни хоҳламайди”, дейди Жўраев.

Унинг таъкидлашича, дастлабки террористик ҳаракатлар бўлган вақтда КХШТ "Ўзбекистонга бир вагон ўқ жўнатамиз", деб ваъда берган. Аммо, ҳали ҳам ўша вагон етиб келмаган ва қуруқ ваъдалигича қолиб кетган. Шундан сўнг Ўзбекистон КХШТ билан алоқаларни узган. 

“Ҳозирги кунда бу ташкилотда бизнинг миллий манфаатларимизга жавоб бера оладиган механизм ҳам, шароит ҳам йўқ. Ҳозир мамлакатимизга янги дунёқарашли, Европани кўрган, кўп жойларда ўқиб келган, фикрлай оладиган янги авлод кириб келган. Мана шу авлод ҳам буни хоҳламаяпти. Бизнинг йўлимиз тўғри эканини билади. У ташкилотга кириш давлатимизнинг бирон бир дастури ёки истиқболида йўқ. Лекин, илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиш учун унинг тажрибасини ўрганишимиз, мулоқотга киришишимиз мумкин. Ташкилотга аъзо бўлиш хавфи йўқ”, дейди Жўраев. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

343

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг