Назарбоевнинг кенжа қизи Қозоғистон халқига мурожаат қилди
Олам
−
13 Январь 2022
28550Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева мамлакатда содир бўлаётган сўнгги воқеалардан жуда хавотирда эканини айтиб, отасини қўллаб-қувватлаган Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.
“Юракда оғриқ билан юртимиздаги фожиали воқеалардан хавотир олмоқдаман. Барча қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Барчамиз учун шафқатсиз бўлган бу сабоқ тарихимиздаги сўнггиси бўлишига умид билдираман. Сизга қўллаб-қувватлаган сўзларингиз учун ҳам раҳмат айтаман. Айни дамда отамни маънавий қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат айтаман, у шу кунларда турли вилоятлар аҳолисидан кўп хабарлар олмоқда”, деб ёзган у Facebook саҳифасида.
Қозоғистоннинг собиқ Президентининг кенжа қизи 41 ёшда. У бизнес, ижтимоий фаолият, хайрия ва кино ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён мамлакатда ташкил этилган Экологик ташкилотлар уюшмаси раҳбари лавозимини эгаллаб келади.
Маълумот учун, 2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбошини рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Эслатиб ўтамиз, намойишлар давом этаётган бир пайтда Алия Назарбоева Буюк Британия фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатдан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетган ва Лондондан уй сотиб олган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15