Назарбоевнинг кенжаси “пайдо бўлди”
Олам
−
20 Январь 2022
12444Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоеванинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаси кўрина бошлади.
Жорий йилнинг 14 январь куни оммавий ахборот воситалари Instagram саҳифаси орқали Алия Назарбоева Бирлашган Араб Амирликларида эканини билиб қолгач, у Instagram ва Facebook платформаларидаги саҳифаларини ўчириб ташлаганди.
Бу Алия Назарбоева Қозоғистондаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар ҳақида оиладан биринчи бўлиб изоҳ бергани ва оммавий ахборот воситалари унинг ватанини тарк этгани ҳамда БААда эканлигига эътибор қаратганидан кўп ўтмай содир бўлган.
Қозоғистоннинг собиқ Президентининг кенжа қизи 41 ёшда. У бизнес, ижтимоий фаолият, хайрия ва кино ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён мамлакатда ташкил этилган Экологик ташкилотлар уюшмаси раҳбари лавозимини эгаллаб келади.
Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач, Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди.
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент видеомурожаат йўллашдан бошқа, ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.
Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.
17 январь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Элбошининг жияни – Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.