Абадий Президентликка интилаётган “Батька”, АҚШнинг иддаолари, Украинани табриклаган “Uzbekistan”... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун, 17 февраль куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? Сўнгги қайноқ хабарлар қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишишингиз мумкин.

Жамият 

Жиззахда институт бўлими бошлиғи $100 минг пора олаётганда ушланди

Жиззах давлат педагогика институти таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи 100 минг доллар пора олаётган пайтда ушланди. Пора институт факультетларидан бирининг деканидан талаб қилинган бўлган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи 2021 йилнинг октябрь ойида мазкур олий ўқув юрти факультетларидан бирининг фаолиятини текшириш жараёнида аниқланган камчиликларни ушбу факультет деканига салбий таъсир қилмаслиги ва уни лавозимида қолишини таъминлаш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Чегара қўшинларига янги ваколат берилди

Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Қонун билан қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари кўриб чиқиши белгиланди:

•    чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш (224-модда);
•    Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш (224-1-модда 1-қисми).

Қашқадарёда ЙПХ ходимлари билан жанжаллашган ҳайдовчи қамалди

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, жанжал чиқарган ҳайдовчига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Яккабоғ туманида ЙПХ ходимлари ва қонуний талабга бўйсунмаган Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси ўртасида зиддиятли вазият юзага келганлиги ҳамда атрофда бўлган айрим шахслар ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга ҳалақит берганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар кеча, 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан ўрганиб чиқилган.

Ўзбекистондаги 4 та ОТМ Британиянинг THE рейтингига кирди

Буюк Британиянинг “Times Highеr Education” (THE) агентлиги “Young University Rankings – 2022” (Ёш университетлар рейтинги – 2022) рейтингига илк бор Ўзбекистоннинг 4 та олий таълим муассасаси киритилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Мазкур ОТМлар янги турдаги мақом — “Reportеr” университетлар қаторида эътироф этилди. Булар:

Мазкур ОТМлар янги турдаги мақом — “Reportеr” университетлар қаторида эътироф этилди. Булар:

•    Тошкент давлат юридик университети;
•    Тошкент педиатрия тиббиёт институти;
•    Турин политехника университети;
•    Урганч давлат университети.

Текин пишлоқ қопқонда бўлади! Навоий кўчаси ғирт текинга таъмирланаётгани айтилмоқда

Хабарингиз бор, Тошкентнинг Навоий кўчасида қурилиш ишлари бошланганди. Шаҳар марказидаги ўзгариш муҳокама мавзусига айлангач, ҳокимлик лойиҳани тақдим этди. Унда Алишер Навоий шох кўчаси ва Пахтакор ҳамда Алишер Навоий шох кўчаси ва Лабзак кўчалари кесишмаси таъмирланиши белгиланганди. Аммо шу билан ҳаммаси тугамади. Аксинча, йўл пиёдалар учун янада ноқулай бўлиб қолиши сабабли, баҳслар авж олди, саволлар кўпайди.

Бугун, 16 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари Навоий кўчасида амалга ошириладиган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказиб, пойтахт марказидаги кўча ғирт текинга таъмирланаётгани маълум қилди.

Олмазорда сўконғичлиги билан тилга тушган ва сочига аллақачон оқ оралаган, кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллаган Бахтиёр Раҳмоновга кўра, Алишер Навоий шох кўчасидаги чорраҳа ва йўлни турк компанияси ўз ҳисобидан таъмирлайди. Агар йўлдаги ўзгариш ўзини оқлаб, ҳаммаси режадагидек амалга ошса, бу компания шаҳардаги 140 та чорраҳада ҳам шундай қурилишларни амалга оширади. Бу чорраҳаларни қуриш ишлари бюджет ҳисобидан бўлади. 

“Uzbekistan” Украинани нега табриклади?

Кеча, 16 февраль – Украина Бирлик куни муносабати билан “Ўзбекистон” меҳмонхонаси фасадида “Бирлик куни муборак бўлсин, Украина” ёзуви акс эттирилди.

Меҳмонхона расмийсининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, “Бирлик куни муборак бўлсин, Украина” ёзуви ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси акс эттирилган.

Меҳроб муқаддас жой – Мусулмонлар идораси имом-хатиблар огоҳлантирилганини маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг куни кеча матбуот анжуманида айтган, “Одамлар хоҳласа динга ишонади, хоҳламаса йўқ. Балки тарки дунё қилиб яшашни танлар. Бу ҳар бир одамнинг конституциявий ҳуқуқи. Шу сабабли ҳам қонунда белгиланган ҳуқуқлар, қонунда белгиланган кафолатларни ижтимоий мақомидан қатъи назар, чиқиб инкор қила олмайди. Бу сигнални барча диний ташкилот ва домлаларимизга етказишни истардик”, деган гаплари ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Бунга “Бодомзор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жавоб қилиб, “Бир-икки аҳли илм қаттиқ ҳиссиётга берилиб, гапиргани билан бутун имомларни даъват йўлини тўсишга ким ваколат берди у одамга”, деб чиқди.

Айни муҳокамаси тўхтамаётган масала юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий муносабат билан чиқди.

Унда қайд этилишича, алоҳида диний ходимларнинг шахсий фикри Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий муносабатини ифода этмайди.

Қорақалпоғистонда қурилиш соҳаси мансабдорлари 30 млрдни “растрата” қилган – ДХХ

Қорақалпоғистонда қурилиш соҳасида 30 млрд сўм талон-тарож қилинган ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Презиеднтининг “2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузулмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018-2021 йилларда Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 54,3 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

2018 йилда ўтказилган тендерда “Jayhun Universal Qurilish” МЧЖ ғолиб чиқиб, у томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар барча ишлар амалга оширилиши керак бўлган.

Сурхондарёда Суриядаги жангариларга қўшилишни режалаштирган шахс ушланди

Сурхондарёда жиҳодга чорлаш тарғиботи билан шуғулланган ва Суриядаги жангариларга қўшилишни режалаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, ДЭО/ХТТ эмиссарлари таъсирига тушиб, Суриядаги жангарилар лагерига боришни режалаштирган Жарқўрғон туманида яшовчи Р.И. Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Тадбир давомида унга тегишли бўлган телефон аппаратидаги Telegram мессенжеридаги аккаунти орқали Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Рашод Қори каби “жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарғиботчилари билан алоқалари аниқланган.

Олам

“Украина учун хавф йўқолмади”. Путин билан учрашган Шольц Байденга ҳисоб берди

Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 16 февраль куни телефон орқали мулоқот қилиб, Украина атрофидаги вазият жиддийлигича қолаётганини, Россия қўшинларининг Украина чегараларидан сезиларли даражада олиб чиқилмаганини таъкидлади. Бу ҳақда Германия Вазирлар Маҳкамаси вакили маълум қилган.  

“Федерал канцлер Олаф Шольц бугун кечқурун АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатда Украина ва унинг атрофидаги вазият юзасидан фикр алмашди. Иккиси бир овоздан Россия қўшинларининг Украина билан чегарадош ҳудудларда тўпланиб қолгани туфайли юзага келган вазият ўта жиддий деб баҳоланиши кераклигини айтди. Россиянинг Украинага қарши кейинги ҳарбий тажовузкорлиги хавфи сақланиб қолмоқда, ўта ҳушёрлик зарур, Россия қўшинларининг сезиларли даражада олиб чиқиб кетилиши ҳали кузатилмаган”, дейди Вазирлар Маҳкамаси вакили. 

Россия алдаяптими? АҚШ Украина чегарасида рус қўшинлари кўпайганини иддао қилди

Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширган. Бу ҳақда Америка раҳбарияти маълум қилмоқда. 

“Кеча Россия расмийлари Украина билан чегарадан қўшинларини олиб чиқиб кетаётганини эълон қилди. Бу баёнот бу ерда (АҚШда) ҳам, дунёда ҳам катта эътиборни тортди. Бироқ, энди бу ёлғон эканини биламиз. Охирги бир неча кун ичида Россия Федерацияси Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7000 аскарга оширди. Сўнгги кунларда Россия Федерацияси ҳам дипломатияда иштирок этишга тайёрлигини эълон қилди, аммо биз кўриб турган барча белгилар улар фақат оммавий равишда гаплашишни ва деэскалацияни эълон қилишни, шахсий равишда эса урушга сафарбар қилишни ният қилишларини кўрсатмоқда”, деган Вашингтон маъмуриятининг юқори мартабали расмийси. 

Донецкда отишма: Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда

Бугун, 17 февраль куни эрталаб Украина хавфсизлик кучлари ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск Халқ Республикаси ҳудудини тўрт марта, шу жумладан Минск келишувларида тақиқланган миномётлардан ўққа тутгани айтилмоқда. Рус медиасининг Ўт очишни тўхтатишни назорат қилиш ва  мувофиқлаштириш бўйича қўшма марказга тайяниб хабар беришича, аҳоли пункти ҳам ўққа тутилган.  

“Украина қуролли тузилмалари Минск келишувларига кўра олиб қўйилиши керак бўлган қуроллардан фойдаланган ҳолда ўт очишни тўхтатиш режимини қўпол равишда бузди”, дея иддао қилинмоқда. 

Туркманистонда ўқитувчилар арзанданинг “ютуқлари” ҳақида жар солишга мажбурланмоқда

Хабарингиз бор, Туркманистонда жорий йилнинг 12 март куни навбатдан ташқари Президент сайлови ўтказилиши кутилмоқда. Мамлакатдаги олий лавозимга амалдаги Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор сайланиши тахмин қилинмоқда.

Бу учун Туркманистонда ҳам астойдил ҳаракат бошланган. “Хроника Туркменистана” нашрининг ёзишича, 14 февраль куни мактаб ўқитувчилари биринчи дарсда Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердарнинг “ҳаёт йўли ва ютуқлари, феъл-атвори” ҳақида гапиришга мажбур бўлган.

Ўқитувчиларга Бердимуҳамедовнинг “яхши ишлари ва эришган ютуқлари” ҳақида гапириб бериш, болалар ундан миннатдор бўлишлари кераклиги ҳақида кўрсатма берилган.

Ўзбекистоннинг “аср лойиҳаси” қурилишида россияликлар ҳам қатнашади

Трансафғон темир йўлини қуришда “Ўзбекистон темир йўллари”дан ташқари Россия темир йўллари ҳам иштирок этиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Покистон Ислом Республикаси Тижорат вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммад Солиҳ Фаруқий бошчилигидаги делегация билан учрашувда айтиб ўтилган.

Учрашувда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида (15-16 июль 2021 йилда) имзоланган Транзит ва савдо тўғрисидаги битим шартларини амалда жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилган. 

Украина атрофида инқироз чиқарган Россия Венесуэла билан келишиб олди

Россия ва Венесуэла ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик режаларини кўриб чиқди ҳамда Жанубий Америка мамлакатида тинчлик, шунингдек суверенитетни ҳимоя қилиш учун уни амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Венесуэла Президенти Николас Мадуро маълум қилган.

“Биз ҳарбий ҳамкорликни (Россия билан – таҳр.) кўриб чиқдик. Тинчлик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш учун Россия ва Венесуэла ўртасида кучли ҳарбий ҳамкорлик йўналишини тасдиқладик”, дейди Президент.

Абадий Президент бўламан – Лукашенко Ғарбга шантаж қилди

Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, агар Ғарб республикага 2020 йилги сайловлардаги каби ҳужум қилса, у абадий давлат раҳбари бўлиб қолишини айтди. Бу ҳақда БелТА агентлиги хабар берган.  

“Агар сиз [Ғарб] бизга 2020 йилдагидек ҳужум қилишда давом этсангиз, мен абадий Президент бўламан”, деган Лукашенко Осиповичский полигонидаги “Иттифоқчилар қарори – 2022” Беларусь-Россия ўқув машғулотларининг бориши билан танишганидан кейин журналистларга. 

Лавров Украина атрофидаги кескинлик қачон тугаши ҳақидаги саволга жавоб берди

Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви жорий йил 20 февралида тугаш ёки тугамаслиги Россия билан боғлиқ эмас, чунки тарангликни Кремль кучайтирмаяпти. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди. 

Лавровга кўра, Украинадаги кескинликни Россия келтириб чиқармаяпти. Жорий йилнинг 20 февраль куни, режалаштирилганидек, Беларусь билан ўтказилаётган машғулотлар тугайди. 

"20 февралга келсак, саволни менга тегишли жойи йўқ. Машғулотларимиз маълум қилинганидек, 20 февралда тугайди. Украинадаги кескинлик шу куни тугаши ёки йўқлигига келсак, билмайман, чунки биз уни келтириб чиқармаганмиз. Биз бундай иш билан шуғулланмаймиз”, дейди Ташқи ишлар вазири. 

Россия АҚШнинг таклифларига жавоб тайёрлади

Россия бугун, 17 февраль куни хавфсизлик кафолатлари бўйича мулоқот доирасида АҚШ билдирган таклифларга ўз жавобини юборади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.  

“Америка мактуби таҳлилини якунламоқдамиз. Умид қиламанки, яқин келажакда вазият қандай ривожланишини билиб оласиз. Бугун Америка томонига ушбу мактубни юборамиз”, деган Лавров Италия Ташқи ишлар вазири Луиджи ди Майо билан музокаралардан кейинги матбуот анжуманида. 

“Арқадағ”нинг мухолифлари ҳам Президент сайловида қатнашмоқчи

Туркманистонда президентликка номзодларни рўйхатга олиш давом этмоқда. Давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, кеча, 16 февраль куни Марказий сайлов комиссияси Аграр партиядан кўрсатилган Мари вилояти ҳокими ўринбосари Оғажон Бекмиродов номзодини рўйхатга олган.

"Хроника Туркменистан" нашрига кўра, туркман мухолифатининг хориждаги вакиллари ҳам Туркманистондаги президентлик сайловларида қатнашиш истаги борлигини маълум қилди.

Путин ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш кераклигини айтди

Россиядаги ноқонуний мигрантлар ва мамлакат қонунларини бузганларга нисбатан энг қаттиқ чоралар кўриш, жумладан, уларни Россиядан чиқариб юбориш ва қайта киришини тақиқлаш керак. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги коллегиясида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, Россияда ноқонуний тарзда бўлиб турган мигрантлар ва ўз бизнесини ноқонуний миграция асосида қураётган жиноий гуруҳларга нисбатан энг қаттиқ чоралар ишлаб чиқилиши лозим. Қоидаларни бузадиган, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни Россиядан чиқариб юбориш ва келажакда мамлакатга киришини тақиқлаш тўғрисидаги қарорларни тезда қабул қилиб, ижросини таъминлаш керак.

Спорт

“Ливерпуль” устунлик қилган “Интер”ни ниманинг ҳисобига енгди? Клопп тилга кирди

Бугун, 17 февраль тунда Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финал баҳслари давом эттирилди. “Интер” майдонига сафар қилган “Ливерпуль” 2 – 0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган бўлса, “Залсбург” уйида меҳмон бўлган “Бавария” кутилмаганда, 1 – 1 ҳисобидаги дурранг билан ортга қайтишга мажбур бўлди. Куннинг марказий учрашуви бўлган, “Интер” ва “Ливерпуль” учрашувидан сўнг футболчи ва мураббийлар қандай фикрлар билдирди?

Мағлубиятга қарамасдан, миланликлар устози Симоне Инзаги жамоаси яхши футбол намойиш қилганини таъкидлаган.

“Реал” “ўлжа”дан қуруқ қолиши мумкин. Масалага Қатар амири аралашди

ПСЖ ҳужумчи Килиан Мбаппени жамоада сақлаб қолишга бўлган уринишларидан воз кечмаяпти.

Жорий йилнинг 15 февраль куни Чемпионлар лигаси доирасида "Реал Мадрид"га қарши ўйиндан сўнг (1:0) Қатар амири Тамим бин Ҳамад ал-Сонига яқин одамлар франциялик футболчининг оиласи билан учрашиб, унинг шартномасини узайтириш масаласини муҳокама қилишган. Бу ҳақда "El Chiringuito" нашри хабар беради.

Томонлар ўртасидаги мулоқот узоқ вақтдан бери давом этмоқда. Хабар қилинишича, парижликлар Мбаппе билан шартномани қисқа муддатга узайтириш борасида музокаралар олиб боришмоқда.

Ҳабиб боксга ўтмоқчи бўлган UFC жангчисига маслаҳат берди

Енгил вазн тоифасида 33 ёшли собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов Френсис Нганну ва унинг UFC билан шартнома музокаралари бўйича давом этаётган можароси ҳақида ўз фикрини билдирди.

"Фюри ва Нганну UFC'да ўзаро жанг қилишса, Фюрида деярли имконият йўқ. Аммо боксда мен Тайсоннинг у қадар устунлигини ҳам кўрмаяпман. Эҳтимол, Фюрига рақиб Александр Усик бўлар. Усик у учун қийин синов бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг