Россия АҚШнинг таклифларига жавоб тайёрлади

Олам

image

Россия бугун, 17 февраль куни хавфсизлик кафолатлари бўйича мулоқот доирасида АҚШ билдирган таклифларга ўз жавобини юборади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.  

“Америка мактуби таҳлилини якунламоқдамиз. Умид қиламанки, яқин келажакда вазият қандай ривожланишини билиб оласиз. Бугун Америка томонига ушбу мактубни юборамиз”, деган Лавров Италия Ташқи ишлар вазири Луиджи ди Майо билан музокаралардан кейинги матбуот анжуманида. 

Унинг сўзларига кўра, бу мактуб оммага эълон қилинади. 

“Мамлакатларимиздаги фуқаролик жамиятининг манфаатдор аъзолари нима бўлаётгани ҳақида тасаввурга эга бўлиши муҳим деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда, Вашингтон ва Брюсселдаги ҳамкасбларимиз маъқул кўрганидек, бу сир сақланса, жамоатчилик фикри ҳозир ахборот майдонини тўлдириб бораётган ёлғон ва очиқ-ойдин ташвиқот билан тўлиб қолади”, дея қўшимча қилган Россия Ташқи ишлар вазири. 

Январь ойи охирида АҚШ ва НАТО Москвага Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига ёзма жавоблар юборган эди. 

Лавров шу ҳафта бошида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда Россиянинг АҚШ ва НАТОнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича жавобларига муносабати шакллантирилганини, бу 10 саҳифадан иборатлигини айтган. Вазирнинг сўзларига кўра, Президент ҳужжатни принципиал жиҳатдан маъқуллаган ва у яқин орада АҚШ ва НАТОга топширилади. Лавров ҳужжат Ғарб пойтахтларига топширилгандан кейин эълон қилинишига ишонтирган. 

Маълумот ўрнида, 2021 йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини чоп этди. Хусусан, Москва ўзининг ғарблик ҳамкорларидан НАТОнинг шарққа томон кенгайиши, Украина блокига қўшилиши ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар ўрнатишдан бош тортишнинг ҳуқуқий кафолатларини талаб қилмоқда. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга олиб чиқиш тўғрисидаги банд ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия

Баҳолаганлар

424

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг