Текин пишлоқ қопқонда бўлади! Навоий кўчаси ғирт текинга таъмирланаётгани айтилмоқда
Жамият
−
17 Февраль 2022
11889Хабарингиз бор, Тошкентнинг Навоий кўчасида қурилиш ишлари бошланганди. Шаҳар марказидаги ўзгариш муҳокама мавзусига айлангач, ҳокимлик лойиҳани тақдим этди. Унда Алишер Навоий шох кўчаси ва Пахтакор ҳамда Алишер Навоий шох кўчаси ва Лабзак кўчалари кесишмаси таъмирланиши белгиланганди. Аммо шу билан ҳаммаси тугамади. Аксинча, йўл пиёдалар учун янада ноқулай бўлиб қолиши сабабли, баҳслар авж олди, саволлар кўпайди.
Бугун, 16 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари Навоий кўчасида амалга ошириладиган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказиб, пойтахт марказидаги кўча ғирт текинга таъмирланаётгани маълум қилди.
Олмазорда сўконғичлиги билан тилга тушган ва сочига аллақачон оқ оралаган, кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллаган Бахтиёр Раҳмоновга кўра, Алишер Навоий шох кўчасидаги чорраҳа ва йўлни турк компанияси ўз ҳисобидан таъмирлайди. Агар йўлдаги ўзгариш ўзини оқлаб, ҳаммаси режадагидек амалга ошса, бу компания шаҳардаги 140 та чорраҳада ҳам шундай қурилишларни амалга оширади. Бу чорраҳаларни қуриш ишлари бюджет ҳисобидан бўлади.
“Ҳомийларга пилот лойиҳада қатнашиш, кейинчалик бошқа чорраҳалар қуриш имконини беради. Улар бир чорраҳани ўз ҳисобидан амалга оширади. Агар ҳаммаси режадагидек амалга ошса, бу компания 140 та чорраҳа қуриш имконига эга бўлади. Гап 140 та чорраҳа ҳақида кетяпти. Агар бу компаниянинг ҳаракати, тажрибаси яхши натижа берса, ҳисоб-китобимиз тўғри бўлса, пиёдалар ва автомобиллар манфаат кўрса, турк компанияси кейинги буюртмалар учун тендерда қатнашади. (!) Биз 15 та транспорт коридори қуриш ҳақида гапиряпмиз", дейди ҳоким "зами".
Нима? Биз нотўғри тушундикми ё Раҳмоновнинг айтганлари бошдан оёқ нотўғрими? Турк компанияси қурилишни бошлаган бўлса, иш яхши чиқса унга яна 140 та чорраҳа ишониб топширилиши ҳозирдан ваъда қилинаётган бўлса, ҳамма нарса битгач, тендер ўтказиладими? Агар ҳозирдан ишни ким бажариши маълум бўлса, тендер ўтказишдан нима наф?
Раҳмонов режа натижа бериши учун маълум масофада лойиҳалаштириш кераклигини таъкидлади. Шу ишларни турк компанияси ўз зиммасига олган.
"Тақдим этилган лойиҳага нафақат биз, балки жамоатчилик, ОАВ ходимлари, маҳалла вакиллари ҳам беэътибор бўлмаган ҳолда камчиликлари ютуқ ёки таклифлари ҳақида айтилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Мақсадимиз шу. Агар журналист ва блогерлар ҳаммасини тўғри ёритса, мақсадга эришамиз”, дейди Раҳмонов.
Қизиқ, у журналист ва блогерлар тўғри ёритиши деганда нимани назарда тутяпти. Умуман гапирмай, кўрмагандек юришними? Балки яқин бир ойда шу кўчадан ўтмасликнидир. У журналистларнинг саволларидан турк мутахассислари ҳам қўрқиб, ортига қайтиб кетиши мумкинилигини урғулади. Ола!
“Савол учун савол берсак натижа бўлмайди. Энг ёмони турк мутахассислари ҳам кетиб қолади. Бизда тайёр мутахассислар йўқ. натижа берадиган халқаро тажрибага эга бўлган мутахассислар кўп эмас”, дейди Раҳмонов савол устига савол қўяётган жамоатчилик вакилларига қарата.
Ҳокимлик мутасаддиси Навоий кўчаси мисолида режанинг амалда ишлаши кўрилгач, бошқа чорраҳаларни ҳам ўзгартириш қарори қабул қилинишини айтди.
"Пиёдаларни ҳам автомобилда, ҳаракатланадиганларни ҳам ҳуқуқларини суиистеъмол қилмаслик керак. Бунда ҳокимлик жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этсин. Шу "коридор"да истиқомат қиладиганлардан уларга қандай қулайликлар кераклиги ҳақида ўрганиб, мақсадимизни амалга оширайлик", дейди ҳоким ўринбосари.
Анжуман сўнгида ҳокимлик мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари Навоий кўчасига бориб, йўл бўйича эътироз ва таклифларни билдиришга келишиб олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь