Путин ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш кераклигини айтди
Олам
−
17 Февраль 2022
9303Россиядаги ноқонуний мигрантлар ва мамлакат қонунларини бузганларга нисбатан энг қаттиқ чоралар кўриш, жумладан, уларни Россиядан чиқариб юбориш ва қайта киришини тақиқлаш керак. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги коллегиясида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Россияда ноқонуний тарзда бўлиб турган мигрантлар ва ўз бизнесини ноқонуний миграция асосида қураётган жиноий гуруҳларга нисбатан энг қаттиқ чоралар ишлаб чиқилиши лозим. Қоидаларни бузадиган, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни Россиядан чиқариб юбориш ва келажакда мамлакатга киришини тақиқлаш тўғрисидаги қарорларни тезда қабул қилиб, ижросини таъминлаш керак.
Владимир Путиннинг таъкидлашича, 2021 йилда мамлакатда экстремистик жиноятлар сони ортган. Ички ишлар вазирлиги экстремистларнинг интернет орқали радикал, миллий, диний ва ижтимоий адоватни қўзғатишга уринишларига алоҳида эътибор қаратиши зарур.
“Ички ишлар вазирлиги тизими бунинг учун етарли ваколатга эга”, дея қўшимча қилган Путин.
Президент 10 февраль куни Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг давлат миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссияси тузилганини эслатди.
“Умид қиламанки, унинг иши миграция соҳасидаги миллий хавфсизликни мустаҳкамлайди, бу жараёнлар хавф ва таҳдидларни келтириб чиқармасдан, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган тарзда тартибга солишга ёрдам беради”, дейди Путин.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакат Ҳукумати муҳожирларни ноқонуний меҳнат фаолияти учун чиқариб юбориш ваколатини олган. Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2021 йил август ҳолатига кўра, МДҲ давлатларидан келган 700 мингдан ортиқ фуқаро Россия ҳудудида ноқонуний бўлган.
LiveБарчаси