“Арқадағ”нинг мухолифлари ҳам Президент сайловида қатнашмоқчи

Олам

image

Туркманистонда президентликка номзодларни рўйхатга олиш давом этмоқда. Давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, кеча, 16 февраль куни Марказий сайлов комиссияси Аграр партиядан кўрсатилган Мари вилояти ҳокими ўринбосари Оғажон Бекмиродов номзодини рўйхатга олган.

"Хроника Туркменистан" нашрига кўра, туркман мухолифатининг хориждаги вакиллари ҳам Туркманистондаги президентлик сайловларида қатнашиш истаги борлигини маълум қилди.

Туркманистонда таниқли отчи, собиқ сиёсий маҳкум Гелди Кяризов муқобил сайловлар ва электрон овоз беришни ўтказиш нияти борлигини маълум қилди. Айни пайтда у “Туркманистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари” инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси.

Овоз бериш қандай ўтказилиши режалаштирилгани ҳозирча аниқ эмас.

“Биз ҳозир сайловчиларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун хавфсиз дастурни топиш устида ишлаяпмиз”, деган Кяризов баёнотида.

Қайд этилишича, “Туркманистон демократик сайлови” мухолифат ҳаракати раҳбари Мурод Қурбонов ҳам сайловда иштирок этиш ниятида. У Telegram, IMO, WhatsApp мессенжерларида, шунингдек, YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларида муқобил овоз беришни ўтказиш режалари ҳақида гапирган.

Қурбоновнинг фикрича, бу ҳаракат Туркманистонда ўтказилган сайловларнинг ноқонунийлигини кўрсатиши керак.

Конституцияга кўра, сайловда Туркманистоннинг сўнгги 15 йил давомида мамлакатда доимий яшаб, ишлаган фуқароларигина қатнашиши мумкин. Бу қоида муқобил мухолифат номзодларига президентлик учун ариза бериш имкониятини чеклайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламентининг юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эндиликда Халқ маслаҳати раиси сифатида сиёсий тажрибасини мамлакат тараққиётига сарфлаш, ўз ўрнини ёш кадрларга топшириш ниятида эканини айтганди. 

Кеча, 14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш бўлади. Номзодлар сиёсий партиялар ёки фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ президентликка номзодлар 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси бўлиши керак. У етти йилга сайланади.

Сардор Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Туркманистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у Ахалтеке йилқичилик халқаро уюшмаси ва “Туркман Алабай” халқаро уюшмасига раҳбарлик қилади.

Сардор отасининг лавозими учун ўз номзодини қўйди ва ҳозирда олий мансабга асосий даъвогар ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркманистонда ўқитувчилар мактабларда Сардорнинг ютуқлари ҳақида гапиришга мажбурланаётгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Туркманистонни 2007 йилдан бери асли касби шифокор бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда. У бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси, Парламент юқори палатаси раиси ва Олий бош қўмондон ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг