“Арқадағ”нинг кетиши яқин: Туркманистонда сайлов кампанияси бошланди
Олам
−
14 Февраль 2022
9184Туркманистонда бугун, 14 февраль куни навбатдан ташқари Президент сайлови доирасида кампания бошланди ва унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатишдан иборат.
Туркманистон Сайлов кодексига мувофиқ, номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи сайлов тайинланган кунгача рўйхатга олинган сиёсий партияларга, шунингдек, фуқаролар гуруҳларига тегишли.
Сиёсий партиялар ўз қурултойларида президентликка номзодларни кўрсатади. Туркманистонда учта сиёсий партия — Туркманистон Демократик партияси, Туркманистон аграр партияси ҳамда Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси мавжуд.
Туркманистон президентлигига номзод фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилганда, у сайловчиларнинг камида 10 минг имзоси билан қўллаб-қувватланиши керак.
Туркманистонда туғилган, ёши қирқдан кам бўлмаган, давлат тилини биладиган, сўнгги ўн беш йил давомида мамлакатда доимий яшаб ва ишлаб келаётган мамлакат фуқароси Туркманистон Президенти этиб сайланиши мумкин. Туркманистон Президенти тўғридан-тўғри мамлакат халқи томонидан етти йил муддатга сайланади ва у қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз вазифасини бажаришга киришади.
Туркманистонда охирги марта президентлик сайлови 2017 йилда бўлиб ўтган. Ўшанда мамлакатдаги энг олий давлат лавозимига 8 нафар номзод ҳужжат топширган.
Маълумотларга кўра, Туркманистонда навбатдан ташқари Президент сайлови 12 март куни ўтказилади.
Аввалроқ, Туркманистонни 15 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедов парламент юқори палатаси – Халқ маслаҳати йиғилишида ўз лавозимини ёш раҳбарга топшириш ниятида эканлигини маълум қилди. У ўзида фақат Халқ маслаҳати раиси лавозими қолдирмоқчи.
Туркманистон Республикаси Конституциясига мувофиқ “Арқадағ”нинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов президентликка даъвогарлик қилиши мумкин. 2021 йилнинг 10 июль куни отаси уни Бош вазирнинг молия ва иқтисод масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлаган эди. Бунгача у ҳукуматда турли юқори лавозимларда фаолият юритган.
Маъулмот учун, Туркманистонни 2007 йилдан бери асли касби шифокор бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда. У бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси, парламент юқори палатаси раиси ва Олий бош қўмондон ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь