Туркман фаоллари АҚШда норозилик акцияси ўтказди
Олам
−
02 Ноябрь
13440Жорий йилнинг 28 октябрь куни туркман фаоллари Туркманистон ва Туркиядаги мамлакат мухолифати таъқиб қилинишига қарши икки давлатнинг АҚШдаги элчихоналари олдида норозилик акцияси уюштирди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги икки давлат элчихоналари олдида Туркманистон ва Туркиядаги мухолифат фаолларини таъқиб қилишга қарши пикет (норозилик акцияси) уюштирилган. Ушбу тадбирни Чемен Оре ва Олга Чарева бошқарган. Улар билан бирга бошқа одамлар ҳам иштирок этиб, таъқиб қилинаётган фаоллар суратлари ва ҳокимиятни танқид қилувчи плакатларни намойиш қилган.
“Биз – туркий халқлар вакилларимиз. Биз бу ерда нафақат Туркманистон, балки Туркия, бутун туркий дунё ва бошқа давлатлардаги диктаторлар ва режимлардан воз кечиш учун йиғилдик. Биз газ учун одамларни сотишга қаршимиз. Биз ёш авлодни Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти ёрдамида ўғирлаб, Туркманистонга олиб кетилишига қаршимиз”, деб айтган улар.
Фаоллар норозилик учун Туркманистоннинг эски Мустақиллик кунидан кейинги ва Туркиянинг Республика кунидан олдинги кунни – 28 октябрни танлаган. Аввал улар Туркия элчихонаси олдида пикет уюштириб, сўнгра Туркманистон элчихонасига кўчган. Иккала элчихона ҳам Вашингтондаги Массачусетс проспектида жойлашган.
Нашрга кўра, Мердан Муҳаммадов, Фарҳод Мейманқулиев, Ровшен Қиличев, Ўмрузоқ Умарқулиев ва бошқа кўплаб туркманистонлик мухолифлар Туркияда ўғирланган ва Туркманистонга чиқариб юборилган. Уларнинг айримлари судланаётган бўлса, айримларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
LiveБарчаси