Тарихга айланаётган “прописка”, ваколатини кенгайтирган Жапаров, сабр косаси тўлган Эрдўған... Бугун нималар билан ёдда қолди?
Жамият
−
12 Октябрь 2021
8020Бугун, 12 октябрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар содир бўлди. Ниҳоясига етаётган куннинг энг муҳим воқеаларининг қисқача тафсилоти билан танишинг.
Жамият
Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси ҳисоблаб чиқилди
2021 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолисининг 57,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилардан иборат. Меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар – 31,1 фоизни ташкил қилади.
Ўзбекистон олимлари COVID-19 га қарши бир нечта вакцина устида ишлаётгани маълум бўлди
Ўзбекистон олимлари бир вақтнинг ўзида коронавирусга қарши бир нечта вакцина устида иш олиб боряпти. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.
“Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, яқинда республикада энг машҳур ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ишлаб чиқариладиган заводларда “Спутник V” ишлаб чиқарила бошланди. Шу билан бирга, бизнинг олимларимиз ҳам Россияда, ҳам бутун дунёдаги ҳамкасблари билан яқин мулоқотда бўлиб, бир вақтнинг ўзида коронавирусга қарши бир нечта маҳаллий вакциналарни ишлаб чиқиш устида фаол иш олиб боришмоқда”, деган Иброҳимов.
Давлатларнинг киберхавфсизлик рейтинги тузилди. Унда Ўзбекистон ҳам бор
Global Cybersecurity Index давлатларнинг киберхавфсизлик бўйича рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон унда 182 давлат орасида 70-ўринни эгаллади.
Индекс бешта асосий йўналишда 82 та саволни жамлаган. Уларнинг ҳар бирига 20 балл берилади. Бунда ҳуқуқий, техник ва ташкилий ҳамда имкониятлар ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чораларни ўз ичига олади.
Каттақўрғондаги портлаш бўйича жиноят иши очилди
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги хонадонда газ портлаб, икки киши тан жароҳати олгани юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Портлаш жорий йилнинг 8 октябрь куни юз берганди.
Тадбиркорларга давлат тилига оид янги талаб қўйилмоқда
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, Қонун билан товар (иш, хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотларни ҳам истеъмолчига давлат тилида тақдим этади.
Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога сафари
Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифни Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Ташриф давомида адбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманида бухоролик сайловчилар билан учрашди.
Амалдаги Президент ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қиларкан, мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг серталафот “Сардоба фожиаси”ни эслади.
“Ҳозир айта оламан, умримда, кинода ҳам мен бундай воқеани кўрмаганман. Одамлар сувнинг ичида, болалар дарахт устида эди. Миллий гвардиядан қурбонлар бўлди, аммо одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдик”, деди давлат раҳбари.
Қонунчиликдаги “прописка” ўрнига бошқа атама киритилади
Узоқ йиллар Ўзбекистон халқининг мамлакат ичида исталган жойда яшаши учун қийинчлик туғдирган “прописка” атамаси қонунчиликдан чиқариб ташланмоқда. Шу каби ўзгаришларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугун, 12 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларидаги “доимий прописка қилиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ҳамда “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига алмаштирилмоқда.
Сhevrolet Onix қачондан сотувга чиқиши маълум бўлди
Сhevrolet Onix автомобили сотуви 2022 йил охири, 2023 йил бошида йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “UzAuto Motors” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг август ойида Сhevrolet Onix ва Chevrolet Traker 2 автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Асакадаги заводда зарурий ишлар олиб борилган.
Олам
Россия 150 минг ўзбекистонлик учун амнистия эълон қилди
Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Россияга кириши тақиқланган 300 минг фуқароси РФ Ички ишлар вазирлиги томонидан афв этилди.
“Амнистия”га тушган Марказий Осиёнинг икки давлати фуқаролари 18 августда маълумотлар базасидан олиб ташланган, шунинг учун муҳожирлар Ички ишлар вазирлиги сайтида ўзларига Россияга киришга рухсат берилган ёки берилмаганини текшириб олиши керак бўлади.
Тўқаев собиқ Президент Назарбоев номзодини янги лавозимга таклиф қилди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевни Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Донишмандлар кенгаши раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатишни таклиф қилди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Акан Раҳметуллин маълум қилди.
Жапаров ўз ваколатларини сезиларли кенгайтирди
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирувчи “Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги конституцион қонунга имзо чекди.
Ҳужжатга кўра, Жапаров ўз ташаббуси билан Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини истеъфога чиқариши мумкин бўлди. Бундан ташқари, қонунда ҳукумат аъзосининг лавозимидан озод қилиниши мумкин бўлган асослар кўзда тутилган.
Ваколати кенгайган Жапаров бугуннинг ўзида Қирғизистон ҳукуматини истеъфога чиқарди.
“Путин янги қуролга эга бўлади”. Европадаги газ нархи учун Россияни жазолаш таклиф қилинди
АҚШ Конгресси аъзоси Майкл Маккол Европада газ нархининг ошиб кетгани учун Россиянинг “Шимолий оқим 2” газ қувурига қарши санкциялар киритишни таклиф қилди. Сенатор АҚШ Президенти Жо Байден ва Германия канцлери Ангела Меркелни минтақавий газ бозорини “манипуляция қилиш” ва “қитъада энергетик инқироз”ни қўзғатиш орқали Европага босим ўтказишга уринаётган Россияга эътибор бермаётганликда айблади.
“Агар Байден “Шимолий Оқим 2” га қарши муҳим санкциялар учун истиснони бекор қилмаса ва газ қувурини тўхтатмаса, Россия Президентига Украина ва бошқа европалик шерикларимизга қарши ишлатилиши мумкин бўлган яна бир зарарли таъсир қуролини беради”, дейди Майкл Маккол.
КХДР разведкасининг собиқ ходими Ким Чен Иннинг сирларини очиб ташлади
30 йилдан ортиқ разведка хизматида ишлаган Корея Халқ Демократик Республикаси собиқ катта полковниги Ким Кук Сон BBC нашрига интервью берди. Суҳбат давомида у Меҳнат партияси қурол ва гиёҳванд моддалар сотиш йўли билан қандай пул топиши, шунингдек разведканинг махсус террорчилик бўлими ҳақида гапирган.
Туркиянинг сабр косаси тўлди – Эрдўған
Суриядаги охирги террористик ҳужумлар сабаб Туркиянинг сабр косаси тўлди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
“Яқин келажакда Суриядан чиқаётган таҳдидларни ўз кучимиз билан йўқ қилиш учун керакли чораларни кўрамиз”, деган Эрдўған халқига йўллаган мурожаатида.
Спорт
IBF рейтинги янгиланди. Ўзбек боксчиларининг ўрни қандай?
Халқаро бокс федерацияси (IBF) сентябрь ойи учун янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади.
Ярим ўрта вазн тоифасида (-66,6 кг) IBF жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар ҳисобланган Қудратилло Абдуқаҳҳоров рейтингда 1-поғонада қайд этилган.
Супер енгил вазн тоифасида (-63,5 кг) рингга кўтарилувчи Шоҳжаҳон Эргашев 4-ўриндан жой олган бўлса, Шахрам Ғиёсов кучли ўнликка якун ясаган.
Ярим енгил вазнда (-55,3 кг) IBF чемпионлик камари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев мазкур йўналишда рейтингнинг энг юқори поғонасидан жой олган. У шунингдек, WBA йўналишида ҳам чемпион ҳисобланади.
“Эль-капитано”нинг ПСЖ сафидаги дебюти санаси маълум бўлди
Испаниялик ҳимоячи Серхио Рамоснинг ПСЖ сафидаги дебюти санаси маълум бўлди. Парижликлар матбуот хизматининг хабар беришича, 15 октябрь куни Франция чемпионати доирасидаги “Анже”га қарши учрашувда Рамос майдонга тушиши мумкин. У айни дамда жамоавий машғулотларга қўшилган.
LiveБарчаси