“Путин янги қуролга эга бўлади”. Европадаги газ нархи учун Россияни жазолаш таклиф қилинди

Олам 10050
image
-

АҚШ Конгресси аъзоси Майкл Маккол Европада газ нархининг ошиб кетгани учун Россиянинг “Шимолий оқим 2” газ қувурига қарши санкциялар киритишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, Россия газни Европа бозорига чиқишини чеклагани сабаб, унинг нархи ошиб кетган. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда. 

“Кремль Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди. Бу эса газ нархининг кескин кўтарилишига ва қитъада қиш олдидан захираларнинг камайишига олиб келди”, дейди Республикачи конгрессмен Майкл Маккол.

Шунингдек, Маккол Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новакдан иқтибос келтирган. Россиялик амалдор Европада газ нархини барқарорлаштириш учун қурилиши аллақачон якунланган, аммо фойдаланишга топширилмаётган “Шимолий оқим 2” лойиҳасини тезроқ сертификатлаш кераклигини айтганди.

Маккол АҚШ Президенти Жо Байден ва Германия канцлери Ангела Меркелни минтақавий газ бозорини “манипуляция қилиш” ва “қитъада энергетик инқироз”ни қўзғатиш орқали Европага босим ўтказишга уринаётган Россияга эътибор бермаётганликда айблади.

“Агар Байден “Шимолий Оқим 2” га қарши муҳим санкциялар учун истиснони бекор қилмаса ва газ қувурини тўхтатмаса, Россия Президентига Украина ва бошқа европалик шерикларимизга қарши ишлатилиши мумкин бўлган яна бир зарарли таъсир қуролини беради”, дейди Майкл Маккол.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 6 октябрь куни Европадаги газ қимматлашуви Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифи сабаб тўхтади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 10 сентябрида “Газпром”нинг Европага газ етказиб беришни амалга ошириш бўйича энг йирик лойиҳаси бўлган “Шимолий оқим-2” қувурининг қурилиши расман якунланди. Бир кун олдин Европада газ нархи ўзининг навбатдаги тарихий максимумини янгилаб, ўша пайтдаги рекорд даражага — ҳар минг куб метр учун 700 долларга етди. 

“Газпром” бош директори Алексей Миллернинг таъкидлашича, Европада газни ер ости газ омборларига қуйишнинг ортда қолиши ва газга бўлган талабнинг ошиши рекордларни янгилаган ва нарх ўсишда давом этиши мумкин.

Fitch халқаро рейтинг агентлигининг Табиий ресурслар ва товарлар бўйича гуруҳи катта директори Дмитрий Маринченконинг айтишича, бозор иштирокчилари қишда истеъмолчилар ёқилғи тақчиллигига дуч келиши мумкинлигидан қўрқиши оқибатида газ нархи ошмоқда. 

ОПЕК экспертларининг фикрича, келгуси 25 йил ичида газга бўлган талаб ўсишда давом этади. Ташкилот прогнозларига кўра, газга бўлган талаб 2020 йилдан 2045 йилгача кунига 21,6 миллион баррелга ошади ва бунинг натижасида 2045 йилда умумий талаб кунига 85,7 миллион баррелга етади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 433
Рейтинг: 2.9
t
×