“Фойда келтирган бўларди”. Тўқаев Россияни ТДТга қўшишни таклиф қилди
World
−
14:55 2516 3 minutes
Бугун, 30 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия билан алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканини билдирди ва нима учун унинг бирлашмадаги иштироки барча мамлакатлар учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Оқ ўрда хабар берди.
Қайд этилишича, Қосим-Жомарт Тўқаев ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун “Туркий давлатлар ташкилоти +” форматини ишга солиш муҳимлигини таъкидлаган.
“Ташкилотимиз обрўсини ошириш мақсадида Россиянинг ниятига ижобий муносабатда бўлиш ва унга ушбу форматга қўшилишни ёки ТДТ фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этишни таклиф қилиш тўғри ва адолатли қарор бўлар эди.
Россия йирик давлат сифатида асрлар давомида туркий дунё билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Ушбу мамлакат ҳудудида тарихан кўплаб туркий халқлар вакиллари истиқомат қилади. Ҳозирги вақтда Россия “Олтой – туркий цивилизация бешиги” лойиҳасини илгари сурмоқда ва Қозоғистон буни қўллаб-қувватлайди. Рус тилидаги жуда кўп сўзлар туркий келиб чиқишга эга.
Умуман олганда, агар Россия туркий мамлакатларнинг, яъни ташкилотимизнинг бир қисмига айланса, бу барча давлатларимизга фойда келтирган бўларди”, дейди Президент.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг институционал тузилмасини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
“Сўнгги йилларда ТДТнинг фаолият соҳаси сезиларли даражада кенгайиб, аллақачон 60 та турли йўналишни қамраб олмоқда. Шу билан бирга, баъзи функциялар бир-бирини такрорлаётгани аён. Шундан келиб чиқиб, биз биргаликдаги ишларнинг асосий йўналишларини белгилаб олишимиз керак. Умуман олганда, олдимизда турган вазифа ва устуворликларни тизимлаштириш зарур. Бундан ташқари, ташкилотимиз доирасида олий даражада имзоланган шартномалар қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Шунингдек, ТДТ ҳузурида Доимий вакиллар кенгашини тузиш зарурлигини яна бир бор қайд этишни муҳим деб ҳисоблайман. Жорий йилнинг май ойида Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашувда мен Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий альянс эмаслигини ва келажакда ҳам ҳарбий альянсга айланмаслиги кераклигини маълум қилган эдим. Бу – Қозоғистоннинг позициясидир”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари ўз нутқи якунида қозоқларнинг “Барака – бирликда, тўкинлик – аҳилликда” мақолини эслатиб, умумий мақсадларга эришиш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлаган.
“Бугунги учрашув ТДТ фаолиятига янги суръат бағишлашига ва ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман. Шу муносабат билан алоҳида таъкидлашни истардимки, ўтган йилдан бери Ташкилотга раислик қилаётган Озарбайжон унинг обрўсини оширишга беқиёс ҳисса қўшди. Озарбайжон томонига миннатдорлик билдираман.
Энди раислик Туркияга ўтмоқда. Ишончим комилки, олдиндаги даврда Ташкилот доирасида янги ташаббуслар амалга оширилади. Қубаничбек Ўмуралиевга амалга оширилган ишлар учун миннатдорлик билдираман ва янги Бош котиб Мирвоҳид Азимовга муваффақиятлар тилайман. Саммитни юқори даражада ўтказгани учун Туркия Республикаси Президентига яна бир бор миннатдорлик билдираман. Туркий халқлар бирлиги мустаҳкамлансин”, дейди Қозоғистон Президенти.
Live
All