КХДР разведкасининг собиқ ходими Ким Чен Иннинг сирларини очиб ташлади
Олам
−
12 Октябрь 2021
3965630 йилдан ортиқ разведка хизматида ишлаган Корея Халқ Демократик Республикаси собиқ катта полковниги Ким Кук Сон BBC нашрига интервью берди. Суҳбат давомида у Меҳнат партияси қурол ва гиёҳванд моддалар сотиш йўли билан қандай пул топиши, шунингдек разведканинг махсус террорчилик бўлими ҳақида гапирган.
КХДР Бош разведка бюросининг катта полковниги Ким Кук Сон 2014 йилда мамлакатдан Жанубий Кореяга қочишга мажбур бўлган.
Унинг сўзларига кўра, у ўшандан бери Жанубий Кореянинг разведкаси учун ишлайди, лекин ўз жонидан қўрқади, “терроризмга қарши курашиш учун махсус гуруҳ” борлигини эслайди. Таъкидланишича, у 2009 йилда Шимолий Корея режимининг мухолифларига қарши курашиш, шу жумладан қотиллик уюштириш учун яратилган.
Қайд этилишича, Ким Кук Соннинг ўзи 1997 йилда КХДРдан қочган яна бир юқори мартабали офицер Хван Чжан Ёпни йўқ қилиш операциясини бошқарган. Уни ўлдириш буйруғи 2009 йилда келган.
“Ким Чен Ин учун бу олий раҳбарни — отасини мамнун қилиш учун ҳаракат эди. Шимолий Кореяда террорчилик сиёсий қурол. Бу Ким Чен Ир ва Ким Чен Иннинг олий қадр-қимматини ҳимоя қилади. Бу вориснинг буюк раҳбарига содиқлигини намойиш этиш учун совға бўларди”, дейди КХДР разведкасининг собиқ ходими.
Таъкидланишича, операция режа бўйича ўтмаган ва Шимолий Корея армиясининг икки офицери қотилликка уринганлик учун Жанубий Кореяда қамоқ жазосини ўтамоқда.
Шунингдек, собиқ разведка ходими 2010 йил март ойида Жанубий Кореянинг “Чхонан” корветининг ўлими ва ўша йилнинг ноябрида Ёнпхендо оролига ракета ҳужуми Ким Чен Иннинг тўғридан-тўғри буйруғи натижаси эканини тасдиқлаган.
Жаноб Ким, шунингдек КХДР разведкаси ўз жосусларини турли мамлакатлар, жумладан Жанубий Кореядаги ҳукумат ташкилотларига киритишда жуда муваффақиятли эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, КХДР раҳбарияти Ким Чен Ир давридаёқ, “киберурушлар”га тайёргарлик кўришни бошлаган ва биринчи даражали хакерларни тайёрлайдиган махсус бўлинма тузган. Бу яхшигина даромад манбаи ҳисобланади.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг яна бир муҳим даромад манбаи — Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига қурол сотиш. Қуроллар, асосан, Эрон, шунингдек узоқ вақтдан бери фуқаролар урушини бошдан кечирган мамлакатлар — Сурия, Ливия, Судан, Мьянмага сотилади.
Жаноб Кимнинг айтишича, Меҳнат партияси 1990-йиллардан буён гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатишда фаол иштирок этмоқда.
“Бу асосан кристалли метамфетамин бўлган. У долларга алмаштириларди, кейин уни Ким Чен Ирга беришимиз мумкин эди. Сиз тушунишингиз учун: Шимолий Кореядаги барча пуллар Шимолий Корея раҳбарига тегишли. Бу пулга у виллалар қурди, машиналар, озиқ-овқат, кийим-кечак сотиб олди ва ҳашаматдан баҳраманд бўлди”, деб сўзига якун ясаган Ким Кук Сон.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 октябрь куни КХДРда ҳукмрон Корея Меҳнат партияси ташкил этилганига 76 йил тўлгани ҳарбий парад ва бошқа куч намойишисиз нишонланганди.
LiveБарчаси