Жапаров ўз ваколатларини сезиларли кенгайтирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирувчи “Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги конституцион қонунга имзо чекди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.  

Ҳужжатга кўра, Жапаров ўз ташаббуси билан Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини истеъфога чиқариши мумкин бўлди. Бундан ташқари, қонунда ҳукумат аъзосининг лавозимидан озод қилиниши мумкин бўлган асослар кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари учун баьзи чекловлар ўрнатилган. Хусусан, улар сайловолди кампанияси даврида тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана олмайди ва маъмурий ресурслардан фойдалана олмайди.

Янги қонун бошқарувнинг президентлик шаклига ўтишини ва Республикада ҳокимият тизимини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа бир қатор ўзгаришларни, шу жумладан парламент аъзолари сонини ҳозирги 120 кишидан 90 кишигача камайтиришни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, Жапаров ўзининг янги ваколатидан фойдаланишга улгурди. Бугун Президент Қирғизистоннинг Улукбек Марипов бошлиқ ҳукуматини истеъфога чиқарди.

Маълумот учун, Жапаров Қирғизистонда илгари мавжуд бўлган парламент-президент бошқарув шакли тартибсизликларнинг асосий сабабчисига айлангани ва ўтган йилнинг октябрь ойида Республикада ҳокимият алмашишига олиб келганини айтганди. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди. 

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.  

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Жапаров

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг