МСК сайлов натижаларини бекор қилди
Олам
−
06 Октябрь 2020
9883Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 4 октябр куни бўлиб ўтган Жўқорғу Кенеш депутатлари сайловлари натижаларини бекор деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулнора Жўрабоева маълум қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, парламентни тарқатиб юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
"Менимча, ушбу сайлов кампанияси билан биз ўзимизни обрўсизлантирдик, шунинг учун бу ҳолатда энг яхши ва энг тўғри қарор муддатидан олдин истеъфога чиқиш бўлади", дейди Гулнора Жўрабоева.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.
Сайловнинг якуний натижаси 20 кун ичида эълон қилиниши керак эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди
Намойишларда ҳозиргача бир киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам реанимация бўлимига ётқизилган. Кучишлатар тузилмаларнинг 200 га яқин ходими жароҳатланди.
LiveБарчаси