Қирғизистон чорванинг асосий қисмини Ўзбекистонга экспорт қиляпти
Олам
−
3322 2 дақиқа
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида тирик ҳайвонлар савдоси географияси экспортнинг деярли тўлиқ Ўзбекистонга йўналтирилганини кўрсатди – қорамол етказиб бериш ҳажмининг 95,1 фоизи айнан ушбу мамлакатга жўнатилган. Импортда эса Россия, Венгрия ва Қозоғистон етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларида айтилган.
Йил бошидан буён тирик ҳайвонлар савдоси жами 16,4 миллион долларга етган. Сентябрь ойида у илк бор ижобий кўрсаткичга чиққан.
Январь-сентябрь ойларида тирик ҳайвонлар экспорти 9,4 миллион долларни ташкил этган. Етказиб бериш қиймати бир йил ичида 22,5 фоизга ўсган (2025 йилнинг тўққиз ойида — 7,7 миллион доллар бўлган).
Хорижга етказиб беришнинг асосий қисмини ҳамон қорамол савдоси ташкил этмоқда – 8,9 миллион долларлик 43 минг 652 бош. Унинг экспорти қиймати 3,5 баробарга ошган, сони эса 175,7 фоизга кўпайган.
Барча етказиб беришлар фақат Ўзбекистонга амалга оширилган. Қўй ва эчкилар ҳам Ўзбекистонга сотилган. Уларнинг экспорти атиги 123,2 минг доллар даромад келтирган.
Қирғизистон 7 миллион долларлик тирик ҳайвонлар импорт қилган. Бир йил давомида кўрсаткич 21,6 фоизга қисқарган (аввал 8,9 миллион доллар эди).
Харидларнинг катта улуши уй паррандалари ҳиссасига тўғри келган – 2,8 миллион долларлик 1 миллион 378,1 минг дона. Уларнинг асосий етказиб берувчилари Венгрия, Россия ва Ўзбекистон бўлган.
Қорамолдан эса республика 2,3 миллион долларга (8 минг 740 бош) сотиб олган. Импорт бир йил ичида қиймат жиҳатидан 58,5 фоизга, сон жиҳатидан эса 53 фоизга камайган. Чорва моллари асосан Россиядан олиб келинган.
Бундан ташқари, Қирғизистонга 1,8 миллион долларга 1 минг 793 та от, эшак ва хачир олиб кирилган. Унда ҳам етказиб бериш ҳажми ҳам қиймат (47,2 фоизга), ҳам сон (63,2 фоизга) жиҳатидан пасайган. Етказиб беришлар Европа давлатларидан, жумладан, Польшадан амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенешининг молия, бюджет, тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш бўйича қўмитасининг 2025 йилги бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш йиғилишида депутат Уланбек Жээнбаев Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт контрабандаси давом этаётганини айтган эди.
Live
Барчаси