Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт контрабандаси давом этяпти – депутат
World
−
16:42 766 1 minute
Қирғизистондан Ўзбекистонга гўшт контрабандаси давом этмоқда. Бу ҳақда бугун, 22 сентябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг молия, бюджет, тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш бўйича қўмитасининг 2025 йилги бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш йиғилишида депутат Уланбек Жээнбаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда гўшт нархи тушмаяпти, балки фақат кўтарилмоқда.
“Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги нархни ушлаб туролмаяпти. Биз Қирғизистон ёрлиқлари бўлган чорва моллари Ўзбекистонда сотилаётгани акс этган видеони кўриб турибмиз. Демак, контрабанда давом этмоқда. Гўшт нархини ушлаб туриш учун чоралар кўриш керак”, дейди Уланбек Жээнбаев.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси гўшт нархини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини билдирган ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси гўшт нархини бир килограмм учун 770 сом (тахминан 100 минг сўм) миқдорида белгилаганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ербол Тасжуреков Қозоғистондан Ўзбекистонга гўшт экспорти ҳажмининг юқорилиги мамлакат ичидаги мол гўшти нархига таъсир кўрсатаётганини айтган эди.
Live
All