Қаршидаги уйдан келиб чиқиши номаълум 425 кг гўшт топилди
Ўзбекистон
−
18:41 563 2 дақиқа
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги хонадонлардан биридан келиб чиқиши номаълум бўлган 425 килограмм гўшт маҳсулоти топилди. Дастлабки ўрганишда маҳсулот истеъмолга яроқсиз деб топилган. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, гўшт маҳсулотлари “Бўстон” маҳалласидаги хонадонлардан бирида аниқланган. Улар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, истеъмолга яроқлилик даражасини аниқлаш учун Қашқадарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси лабораториясига топширилган.
Дастлабки текширув натижасига кўра, хонадондан топилган гўшт истеъмолга яроқсиз деб баҳоланган. Ҳозирда маҳсулот бўйича қўшимча лаборатория экспертизаси ўтказилиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига мувофиқ, ҳайвонларни гўшт учун сўйиш фақат ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида, ветеринария-санитария талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Сўйилган ҳайвон гўшти ветеринария мутахассислари томонидан текширилиб, унинг истеъмолга яроқлилиги бўйича хулоса расмийлаштирилиши шарт. Шунингдек, маҳсулот ҳақидаги маълумотлар электрон ахборот тизимига киритилиши ва гўшт бўлакларига QR-кодли ёрлиқ ёпиштирилиши керак.
Гўшт маҳсулотларини сотишда ҳам тегишли ветеринария ҳужжатлари ва ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси бўлиши, улар махсус совуткичли расталарда сақланиши ҳамда белгиланган талаблар асосида ташилиши шарт.
Келиб чиқиши тасдиқланмаган ва ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган гўшт маҳсулотларини сотиш тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги “Шўрак” қишлоғида яшовчи фуқаро хонадонида ноқонуний кушхона ташкил этиб, бир нечта эшакни сўйгани ва уларнинг гўштини сотиш билан шуғуллангани аниқланган эди.
Live
Барчаси