“Прописка” тарихда қолмоқда. Депутатлар янги қонунни маъқуллади
Жамият
−
12 Октябрь 2021
19264Узоқ йиллар Ўзбекистон халқини қийнаб келган “прописка” атамасини қонунчиликдан чиқариб ташлаш режалаштириляпти. Бу ҳақда бугун, 12 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида шу ҳақда белгиланган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларидаги “доимий прописка қилиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ҳамда “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига алмаштирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаганида, яроқсиз ҳолга келтирганда ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги чиқариб ташланмоқда. “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга кўпайтирилган миқдордаги давлат божи ҳақида тушунча ҳамда бошқа кўплаб қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш”, “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” ҳамда идентификацияловчи ID-карта тушунчалари билан боғлиқ бўшлиқларни бартараф этилишига олиб келади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
LiveБарчаси