Тошкент “прописка”си ҳақидаги қонун бекор қилинади
Жамият
−
24 Январь
12771“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотган деб топилади ҳамда фуқароларни яшаш бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 24 январь куни Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Билдирилишича, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар –Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун билан ўрнатилган айрим чекловлар фуқароларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиши, яшаш жой ва келган жойни танлаш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олмасликларига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, доимий яшаш ёки вақтинчалик турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби республика бўйича бир хил эмаслиги фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқларни юзага келтирмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг 11 ойи давомида Тошкент шаҳрида 243 197 нафар ва Тошкент вилоятида 271 541 нафар фуқаро доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган.
"Фуқаролар доимий рўйхатдан ўтишлари учун амалдаги қонун билан тасдиқланган рўйхатда келтирилган тоифаларга мансублигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни, яъни туғилганлик, никоҳ, васийлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиб келишмоқда", дейилади хабарда.
Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари, уларни яшаш ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланмоқда. Шунингдек, ИИВнинг яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда.
“Е-xabar berish” тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунигача қисқартирилиб, фуқаролар ва турар жой эгаларининг ўз вақтида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш борасидаги масъулияти оширилмоқда.
Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилиб, уларнинг аниқ миқдори белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан 18 ёшга тўлмаган ва 60 ёшдан ошган шахслар паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмаслиги тўғрисидаги янги қоида киритилмоқда.
Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши билан аҳолининг эркин ҳаракатланишига оид конституциявий ҳуқуқи таъминланади. Қонун ҳуқуқни қўллаш амалиётида ортиқча бюрократиянинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
LiveБарчаси