Узр сўраган “UzAuto Motors”, жазоланган ҳокимлар, шифохонага тушган Байден... Бугун нималар бўлди?

Жамият

image

Бугун, 20 ноябрь куни ҳам охирлаб қолди. Кун давомида Ўзбекистон ҳамда дунёда муҳим воқеалар юз берди. Аввало мамлакатда бензин арзонлашаётгани ҳақида хушхабар берилди, аммо ҳозирча бу нарх пасайиши биржадан ташқарига таъсир қилмади. Халқаро майдонда АҚШ Президенти Жо Байденнинг шифохонага тушиши ва вазифасини вице-президент Камола Харрисга топшириши муҳокама қилинди. QALAMPIR.UZ дайжестида сиз шу ва бошқа долзарб хабарларнинг қисқа тафсилоти билан танишишингиз мумкин.

Жамият 

Хоразмда ўндан ортиқ ҳоким жазоланди

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 12 та туман ва шаҳарлар ҳокимини жазолади. Вилоят раҳбарининг тегишли фармойиши эълон қилинди.

Қайд этилишича, улар иш фаолияти давомида ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйганлиги ҳамда ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошиб, жиддий  камчиликларга йўл қўйганлиги учун жазоланган.

Ўзбекистонда болаларга уятсиз ҳаракатлар қилганлик учун жазо кучайтирилмоқда

Ўзбекистонда болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда кеча, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Қонун билан жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёш этиб белгиланмоқда.

Жорий ҳафтада АИ-80 бензин 9,5 фоизга арзонлашди

Жорий йилнинг 15-19 ноябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунларига кўра АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 129,4 минг сўмдан 9 168,4 минг сўмгача, яъни 9,5 фоизга пасайди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар берди.

Ҳафта якунига кўра биржа бозорининг мазкур сегментида таклиф даражаси 3,1 фоизга ўсган.

Шунингдек, биржа савдоларига қўйилган бензин ҳажмида кичик 1 тонналик лотларнинг улуши 6 фоиздан 30 фоизгача оширилган. Бунинг натижасида биржа савдолари орқали бензинни сотиб олган харидорларнинг сони 32 тадан 143 тагача, яъни 4,5 баробарга ўсган.

Судьялик қасамёдини бузган икки нафар судья ишдан олинди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига кўра, Фарғона вилоятида ва Тошкент шаҳрида судья ҳамда суд раисининг ўринбосари судьялик қасамёдини бузгани учун лавозимидан озод этилди.

Қайд этилишича, Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси Гулнора Каримовна Обидова ва Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раисининг ўринбосари Хазратқулов Турсунович Одилбек лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган.

Энди “дом”ларда юқори тезликдаги интернет бўлади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа қамрови билан таъминлаш режа-жадвали тасдиқланди.

“Чексиз узр сўраймиз”. “UzAuto Motors” Captiva 5 бўйича баёнот берди

 “UzAuto Motorsкомпанияси харидорларга Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда компания расмий баёнотида айтилган.

“UzAuto Motors” компанияси харидорларга Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатишга мажбур.

Юзага келган ҳолат компания тарихида биринчи бор юз бериши, лекин, биз  бугунги кунда жаҳон автомобиль саноати оғир кунларни бошдан кечираётганлиги ва бизнинг компаниямиз ҳам бундан мустасно эмаслигини бир неча бор хабар қилганмиз.

Шу муносабат билан, “UzAuto Motors” АЖ раҳбарияти ва жамоаси ўз мижозларимиздан келтирилган ноқулайликлар учун чексиз узр сўрайди ҳамда айни пайтдаги вазиятда мижозлари учун қайғуриб, қабул қилинган қарори ягона тўғри қарор эканлигига ишонади”, дейилади компания хабарида.

ДХХ Афғонистон ва Тожикистондан олиб ўтилган кўп миқдордаги гиёҳванд моддани аниқлади

Сурхондарёда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан гиёҳванд моддалар айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги наркотиклар мусодара қилинди. 

Тадбир давомида 1982 й.т. маҳаллий фуқаро 28 кг 895 гр. “опий” ҳамда 2 кг “гашиш” моддаларини, шунингдек, бошқа бир ҳолатда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланган, 1962 ва 1970 йилларда туғилган ака-ука 9 кг 161 гр. “опий” ва 446 гр. “героин” моддаларини келгусида сотиш мақсадида қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сенаторлар ўзлари маъқуллаган қонунни эслай олмади

Жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилиб, маъқуллаган эди. Бироқ орадан қарийб беш ой ўтганига қарамай бу қонун кучга киргани ёки Президент томонидан қайтарилгани ҳақида ОАВга ҳеч қандай маълумот берилмади.

Кеча, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлис якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида журналист сенаторларни давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижроси масаласида саволга тутди.

Олам

WSJ: Хитой БААда яширинча ҳарбий объект қурмоқчи бўлган 

АҚШ разведка хизматлари Хитой БАА пойтахти Абу-Даби яқинидаги порт ҳудудида яширинча ҳарбий иншоот қураётганига ишонган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берган.  

Манбаларга кўра, тахминан бир йил олдин АҚШ расмийлари Абу-Даби яқинидаги Халифа портида “шубҳали Хитой фаолияти” ҳақида разведка маълумотларини олишни бошлаган. 

АҚШ “Толибон” ҳукуматини тан олиш шартини айтди

“Толибон” АҚШ томонидан қонуний ҳукумат деб тан олиниши учун террорчиликка қарши курашиши, инклюзив ҳукумат тузиши ҳамда этник камчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст “Толибон”нинг Конгрессга йўллаган мактубига жавобан маълум қилди.

“Биз “Толибон”га нисбатан аниқ, очиқ дипломатияни давом эттирамиз. Терроризмга қарши кураш, инклюзив ҳукуматни барпо этиш, озчиликлар, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шу жумладан таълим ва ишлашда тенг ҳуқуқларга эга бўлиш орқали қонунийлик ва қўллаб-қувватлашга эришиш керак”, деган Уэст.

АҚШ тарихида илк бор мамлакатни аёл киши бошқарди

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 19 ноябрь куни 1 соату 25 дақиқага умумий беҳушлик остида ўтказилган колоноскопия муолажаси туфайли ўз ваколатларини вице-президент Камола Харрисга топширди. Шу тариқа, Қўшма Штатлар тарихида биринчи марта аёл киши мамлакатни бошқарди.

Жараён Вашингтон яқинидаги Уолтер Рид тиббиёт марказида бўлиб ўтди. Текширув йўғон ичакдаги аномалияларни аниқлашга қаратилган бўлиб, бугун, 20 ноябрь куни 79 ёшга тўлган Президентнинг тиббий кўрикдан ўтишининг биринчи қисми ҳисобланади. 

Таъкидланишича, бир соатдан ортиқ вақт давомида мамлакатни бошқарган Камола Харрис Оқ уйнинг Ғарбий қанотидаги офисидан туриб ишлаган.

Россияда хитойликларга ҳужум қилган олти ўзбекистонлик қамалди

Россияда Хитой фуқаросига ҳужум қилган олти нафар Ўзбекистон фуқароси суд ҳукми билан қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Новосибирск суди хитойликка ҳужум қилган олти нафар Ўзбекистон фуқаросини Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисми ва 105-моддаси 2-қисми билан айбли деб топган.

Суд қарори билан беш нафар ўзбекистонликка 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланган. Қотиллик айблови қўйилган олтинчи эркакка 16 йил қамоқ жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланган.

АҚШга эргашиб: яна бир давлат Пекин Олимпиадасини бойкот қилиши мумкин

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Хитойдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига норозилик билдириш мақсадида Пекинда бўлиб ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. 

Таъкидланишича, ҳукуматда Буюк Британия 2022 йилги Олимпиада ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиши мумкин бўлган АҚШдан ўрнак олиши ёки олмаслиги ҳақида “фаол муҳокама” бошланган. Қайд этилишича, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс бу фикрни қўллаб-қувватлайди.

Президент шифокори қария Байденнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

АҚШ Президенти Жо Байден соғлом ва бақувват, унинг аҳволи унга давлат раҳбари вазифаларини бажаришда давом этиш имконини беради. Бу ҳақда Америка етакчиси шифокорининг Оқ уй томонидан чоп этилган ҳисоботида айтилади.

“78 ёшли Президент Байден соғлом, фаол ва вазифаларини, жумладан, бош ижрочи ҳокимият, давлат бошлиғи, бош қўмондонлик функцияларини муваффақиятли бажаришга қодир”, дейилади ҳужжатда. Ҳисоботни кўп йиллар давомида Байденнинг шифокори бўлган Кевин О’Коннор тайёрлаган.

Спорт

Аҳмадалиев тўлиқ давом этган жангда рақибини таслим этди

Бугун, 20 ноябрь куни АҚШнинг Нью Гемпшир штати Манчестер шаҳрида жойлашган SNHU аренасида профессионал бокс кечаси ташкил этилди.

Унда супер енгил вазн тоифасида IBF ва WBA  йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони ҳисобланган Муроджон Аҳмадалиев (10-0) чилилик Хосе Веласкесга (29-6-2) қарши рингга кўтарилиб, ғалабага эришди. Баҳс тўлиқ давом этди ва якунда барча ҳакамлар 119-111 ҳисобини қайд этди.

 “Ливерпуль” “Барселона”сабаб Салоҳ билан шартномани янгиламоқчи

Англиянинг “Ливерпуль” клуби ҳужумчи Муҳаммад Салоҳ билан тез орада шартномани узайтирмоқчи. Амалдаги битим муддати 2023 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Хабарларга кўра, бу ҳолат футболчига “Барселона”дан бўлган қизиқиш билан боғлиқ.

Томонлар янги шартнома бўйича келишиб олмаган, чунки “Ливерпуль” Миср терма жамоаси сардорининг молиявий иштаҳасини қондира олмаяпти.

Аҳмадалиев рингга кўтарилган турнирда қандай натижалар қайд этилди?

Бугун, 20 ноябрь куни АҚШнинг Нью Гемпшир штати Манчестер шаҳрида жойлашган SNHU аренасида профессионал бокс кечаси ташкил этилди.

Аввалроқ, супер енгил вазн тоифасида IBF ва WBA  йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони ҳисобланган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (10-0) чилилик Хосе Веласкесга (29-7-2) қарши рингга кўтарилиб, ғалабага эришгани ҳақида хабар берган эдик. 

“Matroom Boxing” промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган бокс оқшомининг марказий жангида эса ўрта вазн тоифасида WВО йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони Деметриус Андраде (31-0) Жейсон Куиглини (19-1) нокаут эвазига мағлуб этди.


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг