АҚШ “Толибон” ҳукуматини тан олиш шартини айтди
Олам
−
20 Ноябрь 2021
9081“Толибон” АҚШ томонидан қонуний ҳукумат деб тан олиниши учун террорчиликка қарши курашиши, инклюзив ҳукумат тузиши ҳамда этник камчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст “Толибон”нинг Конгрессга йўллаган мактубига жавобан маълум қилди.
“Биз “Толибон”га нисбатан аниқ, очиқ дипломатияни давом эттирамиз. Терроризмга қарши кураш, инклюзив ҳукуматни барпо этиш, озчиликлар, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шу жумладан таълим ва ишлашда тенг ҳуқуқларга эга бўлиш орқали қонунийлик ва қўллаб-қувватлашга эришиш керак”, деган Уэст.
Дипломат АҚШ ҳукумати кўп йиллар давомида “Толибон”ни ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринса, Афғонистонга ёрдам бериш тўхтатиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирганини эслатган.
Уэст АҚШ афғон халқига инсонпарварлик ёрдам кўрсатишни давом эттиришини таъкидлаган. Бу мақсадлар учун Вашингтон 474 млн доллар ажратган. Аммо бу ёрдам халқаро ташкилотлар орқали етказилади.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати АҚШ Конгрессига мактуб ёзиб, Афғонистоннинг хорижий банклардаги давлат захираларини блокдан чиқариш сўралгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси