Аҳмадалиев рингга кўтарилган турнирда қандай натижалар қайд этилди?
Спорт
−
20 Ноябрь 2021
8333Бугун, 20 ноябрь куни АҚШнинг Нью Гемпшир штати Манчестер шаҳрида жойлашган SNHU аренасида профессионал бокс кечаси ташкил этилди.
Аввалроқ, супер енгил вазн тоифасида IBF ва WBA йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони ҳисобланган ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (10-0) чилилик Хосе Веласкесга (29-7-2) қарши рингга кўтарилиб, ғалабага эришгани ҳақида хабар берган эдик.
“Matroom Boxing” промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган бокс оқшомининг марказий жангида эса ўрта вазн тоифасида WВО йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони Деметриус Андраде (31-0) Жейсон Куиглини (19-1) нокаут эвазига мағлуб этди.
33 ёшли енгилмас америкалик чарм қўлқоп устаси жанг бошидан ҳужумга ўтди ва биринчи раунддаёқ рақибини нокдаун ҳолатига туширди. Иккинчи уч дақиқаликда эса 30 ёшли ирландиялик кучли зарбалар ўтказиб юбориб, мувозанатни йўқотди. Рефери эса дарҳол жангни тўхтатди.
Иккинчи марказий жангда эса қизиқ ҳолат рўй берди. Энг енгил вазн тоифасида WBC чемпионлик камари соҳиби мексикалик Хулио Мартинес (18-1) Пуэрто-Рико вакили Макуильямс Арройо (21-4) беллашувининг биринчи раундида ҳар икки чарм қўлқоп устаси бир мартадан нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Иккинчи раундда эса боксчилар бош билан тўқнашиб кетди ва Арройонинг қовоғи ёрилди. Шифокорлар унинг жангни давом эттира олмаслигини маълум қилишди. Ташкилий қўмита қарорига кўра ушбу жанг натижаси ҳисобга олинмайдиган бўлди.
Шунингдек, аёллар ўртасида ярим енгил вазн тоифасида WBA ва WBO йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони америкалик Кали Реис ва канадалик Жессика Камара ўзаро баҳс олиб борди. Тўлиқ 10 раунд давом этган беллашувда Реис ҳакамлар қарорига кўра ғолиб, деб топилди ва унвонларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди.
Эслатиб ўтамиз, WBA va IBF чемпионлик камарларини ҳимоя қилган Муроджон Аҳмадалиев катта эҳтимол билан янги камар учун бирлаштирувчи чемпионлик жангида рингга кўтарилади.
LiveБарчаси