Мигрантлар етишмаётган Россия, “Батька”га жавоб қилган Тошкент, $40 минг билан қўлга тушга “замҳоким” – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
10 Февраль 2022
11827Жамият
Жиззахда тадбиркор хусусий корхона раҳбарини отиб ўлдирди
Жиззахда ер можароси сабаб бир тадбиркор бошқасини милтиқ билан отиб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Арнасой тумани Ғофур Ғулом маҳалласида яшовчи 54 ёшли тадбиркорнинг ерига Пахтакор тумани Тошкент маҳалласида яшовчи 1960 й туғилган хусусий корхона раҳбари туман судининг қарорига асосан ерни олиш мақсадида Фориш тумани МИБ ходимлари билан борган вақтда ўртада жанжал келиб чиқади.
Шундан сўнг арнасойлик тадбиркор ўзига тегишли ов милтиғи билан ерни олиш учун келган корхона раҳбарининг ўнг кўкрак қафасига бир марта отиб тан жароҳати етказган.
Маҳкум қамоқхонада ўзини ўлдиришга урингани бўйича текширув бошланди – БП
Навоийдаги жазони ижро этиш муассасасида маҳкум ўз жонига қасд қилишга урингани бўйича махсус прокуратура томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.
Қайд этилишича, Навоийдаги 36-сонли манзил колонияси масъуллари Жиноят кодексининг 164 (Босқинчилик) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазо ўтаётган маҳкум У.Жонузоқовда фойдаланиш тақиқланган фотосурат ва аудио ёзувли телефон аппарати борлигини аниқлаган.
Қайд этилишича, маҳкум У.Жонузоқов муқаддам 2 марта интизомий жазога тортилгани, янги тартиббузарлик содир қилса, суд орқали ёпиқ колонияга қайтарилишини билиб, хонадаги пичоқни олиб, иккала қўл билаклари ва буйин орқа соҳасига кесма ва тилинма жароҳатлари етказган.
Чиноз ҳокимининг биринчи “зам”и $40 минг пора билан ушланди
Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими биринчи ўринбосари 40 минг доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 минг АҚШ долларидан 40 минг долларини олган вақтида ушланган.
Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ёши узайтирилди
Кеча, 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ногиронлик пенсиялари Чернобил АЭСдаги авария оқибатида III гуруҳ ногирони бўлган шахсларга ҳам тўланади. Илгари фақат I ва II гуруҳ ногиронларига тўланиши белгиланган.
Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари (болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар) ёши 18 ёшгача этиб белгиланди. Илгари 16 ёшгача эди.
Тошкентга 2016 йилда йўқ қилинган трамвай қайтиши кутилмоқда
Хабарингиз бор, бугун, 10 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига жўнаб кетган эди.
Ташриф давомида Президент Самарқандда янги қурилган ер ости тоннели, йўлларни кўздан кечирди, хавфсиз йўл, хавфсиз пиёда концепциясини яратиш ҳақида сўзлади. Шунингдек, давлат раҳбари трамвайни Тошкентга қайтармоқчлиги ҳақида ҳам айтди.
“Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонлик йигит ҳорижий банклардан $50 млн “ухлатди”
Швейцария банкларидан интернет орқали 50 миллион доллардан ортиқ маблағни ўғирлаган ўзбекистонлик хакер 8 йилга қамалди. Бу ҳақда “Uzreport” телеканалида хабар берилди.
Қайд этилишича, асли касби дастурчи бўлган йигит қилган ишидан пушаймон эканини айтган. У Ўзбекистонда бир неча моддалар бўйича 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.
26 ёшли йигитнинг сўзларига кўра, биринчи маротаба интернет орқали Исроилдан 35 миллион доллар ўғирлаган. Умумий ўғирланган маблағнинг қиймати эса 165 миллиард 792 миллион сўмга тенг.
Ўзбекистонда қарзни вақтида қайтармаганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда
Ўзбекистонда шартномавий муносабатларда қарздорлик муддатини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳада қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
• дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юборганлик;
• корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик;
• шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликлар бекор қилинмоқда.
“Лукашенко ўзининг муаммолари билан шуғуллансин”. Тошкент “Батька”га жавоб берди
Ўзбекистоннинг расмий доираларидаги манба Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши зарурлиги ҳақидаги тавсиясига муносабат билдириб, республика ўз миллий ривожланиш стратегиясига эга эканлигини айтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Бир қатор масъулиятсиз баёнотлар ҳар икки давлатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида эришилган давлатлараро муносабатларнинг руҳи ва даражасига мос келмайди. Ҳурматли Александр Григорьевич, биринчи навбатда, ўзининг оғир ички ва ташқи муаммолари билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ бўларди”, деган агентлик суҳбатдоши Лукашенконинг баёнотини изоҳлар экан.
Ўзбекистон Америкадан 38 та разведкачи дрон сотиб олади
Ўзбекистон FMS (The Foreign Military Sales - АҚШ ҳарбий савдоси дастури) доирасида Америкада ишлаб чиқарилган 38 та RQ-20B Puma 3 AE кичик разведкачи дронларини сотиб олади. Бу ҳақда Британиянинг “Shephard Media” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, учувчисиз учиш аппаратлари Ўзбекистонга жорий йилнинг 30 ноябрига қадар Американинг мудофаа пудратчиси AeroVironment томонидан етказилади. “Shephard Media” маълумотларига кўра, битимнинг умумий суммаси 8,54 миллион долларни, битта қурилманинг нархи эса 225 минг долларни ташкил қилади.
Олам
Макрон Путин ва Зеленский билан учрашувлари тўғрисида Байденга “ҳисоб берди”
АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 9 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали унинг Россия ва Украинадаги музокараларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берган.
“Раҳбарлар Президент Макроннинг Россия ва Украинадаги учрашувларини муҳокама қилди. Шунингдек, улар Украина билан чегарада Россия кучларининг тўпланишига жавоб бериш доирасида иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан яқин ҳамкорликда олиб борилаётган дипломатик ва олдини олиш ҳаракатлари ҳақида гаплашди”, дейилади АҚШ маъмурияти томонидан эълон қилинган баёнотда.
Макрон Киевга аниқ таклифлар билан келмаган – Украина ТИВ
Украина ва Франция Президентлари Владимир Зеленский ҳамда Эммануэль Макрон жорий йилнинг, 8 февраль куни Киевда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилмаган. Бу ҳақда, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба кеча, 9 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
“Кеча Зеленский ва Макрон ўртасидаги учрашувда Украинанинг Евроатлантика иттифоқига интилишларини рад этиши масаласи кўтарилгани йўқ”, деган вазир.
Мантиқсиз қарор: Туркманистонда оқдан бошқа рангдаги ниқоб тақиқланди
Туркманистон пойтахти Ашхобод, шунингдек, Лебап ва Болқон вилоятлари аҳолисига оқ рангдан бошқа ҳар қандай рангдаги ниқоб тақиш тақиқланди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар бермоқда.
Таъкидланишича, туркманободлик расмийлар ва мактаб ўқувчиларига фақат оқ ниқоб тақиш кераклиги айтилган. Жорий йилнинг 6 февралидан 18 февралигача мактабларда текширишлар ўтказилаётгани маълум қилинган. Қайд этилишича, агар текширувчилар ниқобсиз ёки оқ бўлмаган ниқоб таққан болаларни аниқласа, ўқитувчилар ва директорга танбеҳ берилади.
Болқон вилоятининг Туркманбоши ва Гарабўғоз шаҳарларидаги мактаб ва боғчаларда ҳам ходимларга болаларни қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатма берилган, ота-оналар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда болалар фақат тиббий ниқоб тақишлари кераклиги эълон қилинган.
Россияда мигрантлар тақчиллиги бошланди
Россия қурилиш соҳасида 1,5 миллиондан 2 миллионгача хорижий меҳнат муҳожири етишмайди. Бу ҳақда Россия Қурувчилар миллий ассоциацияси (НОСТРОЙ) президенти Антон Глушков маълум қилди.
“Саноат ишчилар етишмаслигини бошдан кечирмоқда. Бугун ҳаммамиз тан олдик, хорижлик ишчи кучисиз бунинг иложи йўқ”, деган Антон Глушков.
Унинг сўзларига кўра, саноатда камида 1,5 миллион киши етишмайди.
Озарбайжон Арманистон томонидан ўққа тутилди
Арманистон Қуролли Кучлари Озарбайжон армиясининг давлат чегараси ҳудудидаги позицияларини ўққа тутди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.
Маълумотларга кўра, Озарбайжон позициялари Арманистоннинг Юхари Шоржа қишлоғида жойлашган позициялардан бир неча соат давомида ўққа тутилган.
“Душманнинг ўқ отиш нуқталарини бостириш учун тегишли жавоб чоралари кўрилди. Кўрсатилган йўналишдаги вазият барқарор ва Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмалари томонидан тўлиқ назорат остида”, дейилади хабарда.
Дунёдаги энг катта қора олмос рекорд суммага сотилди
Лондондаги ким ошди савдосида оғирлиги 555,55 карат бўлган нодир қора олмос “Энигма” 3 миллион 161 минг фунт стерлингга (4 миллион 292 минг 322 АҚШ доллари) сотилди. Бу ҳақда савдолар ўтказилган Лондоннинг “Sotheby's” аукцион уйи сайтида эълон қилинди.
“Харидор харид қилиш учун криптовалютадан фойдаланишни танлади”, деди Sotheby's Twitter постида.
Қайд этилишича, бу кимошди савдолари тарихидаги энг катта қирраланган олмосдир. У 2006 йилда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Байден Саудия қиролининг кўнглини хотиржам қилди
АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд билан телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбатда Эрон ядро дастури атрофидаги вазият муҳокама қилинди, шунингдек, ҳар икки давлат глобал энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мажбуриятини тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилган.
Маълумотларга кўра, Америка Президенти ва Саудия Арабистони қироли “минтақадаги воқеалар ривожи ва икки томонни қизиқтирган масалаларни” муҳокама қилган. Байден, хусусан, Эрон ядровий дастури бўйича чекловларни тиклаш бўйича давом этаётган кўп томонлама музокаралар ҳақида гапирган.
Дариға Назарбоева истеъфога чиқиши керак – депутат
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қизи, мамлакат парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутати Дариға Назарбоева январь воқеаларидан кейин истеъфога чиқиши керак. Бу ҳақда унинг ҳамкасби, ҳукмрон “Нур Отан” партияси депутати Айдос Сарим таъкидлади.
“Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, шахс, фуқаро сифатида Дариға Назарбоева истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайман”, деган Сарим журналистларга.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь