Ўзбекистонда қарзни вақтида қайтармаганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда
Жамият
−
10 Февраль 2022
18059Ўзбекистонда шартномавий муносабатларда қарздорлик муддатини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳада қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
• дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юборганлик;
• корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик;
• шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликлар бекор қилинмоқда.
Адлия вазирлигига кўра, ҳозирда шартнома тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Бу эса шартнома тарафларига мажбуриятни бажармаганлик учун иккита таъсир чораси қўлланилишига, яъни ҳам маъмурий, ҳам мулкий жавобгарликка тортилишига олиб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, илғор хорижий давлатлар қонунчилигида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ҳолатини маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этиш амалиёти мавжуд эмас.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.
LiveБарчаси