Мантиқсиз қарор: Туркманистонда оқдан бошқа рангдаги ниқоб тақиқланди

Олам

image

Туркманистон пойтахти Ашхобод, шунингдек, Лебап ва Болқон вилоятлари аҳолисига оқ рангдан бошқа ҳар қандай рангдаги ниқоб тақиш тақиқланди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар бермоқда.  

Таъкидланишича, туркманободлик расмийлар ва мактаб ўқувчиларига фақат оқ ниқоб тақиш кераклиги айтилган. Жорий йилнинг 6 февралидан 18 февралигача мактабларда текширишлар ўтказилаётгани маълум қилинган. Қайд этилишича, агар текширувчилар ниқобсиз ёки оқ бўлмаган ниқоб таққан болаларни аниқласа, ўқитувчилар ва директорга танбеҳ берилади. 

Болқон вилоятининг Туркманбоши ва Гарабўғоз шаҳарларидаги мактаб ва боғчаларда ҳам ходимларга болаларни қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатма берилган, ота-оналар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда болалар фақат тиббий ниқоб тақишлари кераклиги эълон қилинган. 

Маълумотларга кўра, ўтган йил декабрь ойида Ашхободда йўл полицияси ҳайдовчиларни фақат оқ ниқоб тақиш талаби билан тўхтатган. Январь ойида пойтахт полицияси пиёдаларга, шунингдек, олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчиларига ҳам шундай талаблар қўя бошлагани маълум бўлган. Бошқа рангдаги ниқоб таққанлик учун жарима 50 манатни ташкил этади. 

Нима сабабдан рангли ниқоблар тақиқлангани тушунтирилмаган. 

Хабарда айтилишича, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам нафақат оқ, балки рангли ниқоблар тақиб, уларни кийимининг рангига мослаштиради. 

Аввалроқ, жорий йилнинг 28 январь куни Ашхободда қора рангли тиббий ниқоблардан фойдаланиш бутунлай тақиқланганди. 

Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланган вақтда Туркманистонда ниқоб тақиш тақиқланганди. Ниқобда юрганлар “ваҳима уйғотишда” айбланган. 2020 йил июлида ЖССТ миссиясининг ташрифидан сўнг, ҳукумат эпидемияга қарши санитария қоидаларини жорий эта бошлади, ниқоб тақишни мажбурий қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон ниқоб

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг