“Арқадағ”дан ақлбовар қилмас қарор: қора ниқоб тақиш тақиқланди

Олам

image

Туркманистон пойтахти Ашхободда қора рангли тиббий ниқоблардан фойдаланиш бутунлай тақиқланди. Илгари бу талаб фақат автомобиль ҳайдовчиларига нисбатан қўлланилган. Бу ҳақда “Turkmen.news” маълум қилди.

Нашрга кўра, полициячилар қора ниқоб таққан йўловчиларни тўхтатиб, улардан 50 манат миқдорида жарима тўлашни талаб қилмоқда (жамоат жойида ниқобсиз юриш учун 21 манат жарима белгиланган). 

Агар фуқаро жаримани жойида тўласа, қўйиб юбориляпти. Баҳслашса, бўлинмага олиб кетилаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, қора ниқоблиларни “овлаш” мактабларда ҳам бошланган. Қора ниқобда юрган ўқувчилар суратга олиниб, уларнинг ота-оналаридан 50 манат, тақрибан 14,3 доллар жарима талаб қилиняпти.

Қайд этилишича, ЙПХ ходимлари ашхободлик ҳайдовчилардан оқ ниқобда юришни 2021 йил декабридан буён талаб қилмоқда. 

Бу қарийб 15 йилдан буён Арқадағ – Гурбангули Бердимуҳамедов бошқарувида бўлган Туркманистонда қабул қилинаётган илк ноодатий ва ақлбовар қилмайдиган қоида эмас. Бунгача мамлакатда автомобиллар оқ рангда бўлиши, камига уларнинг бошқа техник ускуналарини ҳам оқ рангга бўяш бўйича қарор қабул қилинганди. Шунингдек, мамлакатда давлат хизматчилари бўлган эркакларнинг сочини бўяшга ҳам тақиқ қўйилган. 

Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланган вақтда Туркманистонда ниқоб тақиш тақиқланганди. Ниқобда юрганлар “ваҳима уйғотишда” айбланган. 2020 йил июлида ЖССТ миссиясининг ташрифидан сўнг, ҳукумат эпидемияга қарши санитария қоидаларини жорий эта бошлади, ниқоб тақишни мажбурий қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

565

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг