Россияда мигрантлар тақчиллиги бошланди

Олам

image

Россия қурилиш соҳасида 1,5 миллиондан 2 миллионгача хорижий меҳнат муҳожири етишмайди. Бу ҳақда Россия Қурувчилар миллий ассоциацияси (НОСТРОЙ) президенти Антон Глушков маълум қилди.  

“Саноат ишчилар етишмаслигини бошдан кечирмоқда. Бугун ҳаммамиз тан олдик, хорижлик ишчи кучисиз бунинг иложи йўқ”, деган Антон Глушков.

Унинг сўзларига кўра, саноатда камида 1,5 миллион киши етишмайди. 

“Ишчи кучининг етишмаслиги, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчиларни қурилиш майдончаларини модернизация қилишга, меҳнат унумдорлигини оширадиган замонавий технологияларни жорий этишга мажбур қилди”, деган НОСТРОЙ президенти. 

Унинг сўзларига кўра, бунгача технологиялар кўп ишлатилмаган, чунки уларни ишчи кучи билан осонгина алмаштириш мумкин бўлган. 

“Илгари икки-уч муҳожир ишлаган жойда, энди ишлаб чиқувчи учун машина ва механизмлардан фойдаланиш фойдалироқ”, деб тушунтирган Антон Глушков.

Таъкидланишича, ҳозирда ишчиларни тайёрлаш дастурларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Глушковнинг фикрича, тақчиллик муаммосини комплекс тарзда ҳал қилиш: маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, қурилиш соҳасига ёшларни жалб қилиш зарур.

НОСТРОЙ маълумотларига кўра, ҳозирда қурилиш соҳаси билан 7 миллионга яқин киши шуғулланади. 

“Аниқ қанча муҳожир борлигини айтиш қийин, чунки уларнинг баъзилари ноқонуний равишда келади”, деб тушунтирган Антон Глушков. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия қурилиш майдонларида ишлаган муҳожирларнинг бир қисми Яқин Шарқда, жумладан, БААда қурилаётган объектларга йўналтирилган, чунки у ерда иш ҳақи Россияникидан анча юқори. 

НОСТРОЙ маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда қурувчининг ўртача иш ҳақи 10,4 фоизга ошган. Шунга қарамай, саккиз федерал округнинг олтитасида қурилиш ишчиларининг иш ҳақи бозордаги ўртача қийматдан пастлигича қолмоқда. 

Қайд этилишича, пандемия даврида қурилиш саноати жиддий ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда. Қурилишда ишлаганларнинг аксарияти Марказий Осиёдан келганлар бўлган. Аммо ковид чекловлари туфайли кўпчилик мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ва қайтиб кела олмаган. 

Муаммони ҳал қилиш учун ўтган йили Федерал Жазони ижро этиш хизмати маҳбусларни қурилиш майдончаларига жалб қилишни таклиф қилган. Бу фикрни Россия Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин қўллаб-қувватлаган. Хуснуллин йирик қурилиш объектларида ишчилар етишмаслигини соҳадаги биринчи рақамли муаммо деб атаган. 

Унинг сўзларига кўра, Россия қурилиш объектларида 1,5 миллионгача меҳнат муҳожири етишмайди. Ҳукумат 2024 йилгача Россия қурилиш майдончаларига 5 миллионга яқин меҳнат муҳожирларини жалб қилишни режалаштирмоқда. 

Аввалроқ, ўтган йили Россияда берилган меҳнат патентларининг ярмидан кўпи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келиши ҳақида хабар берилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант

Баҳолаганлар

452

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг