“Қозоқ маликаси” эгаллаб турган лавозимидан кетди
Олам
−
27 Апрель 2022
13623Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева Экологик ташкилотлар ассоциацияси президиуми раҳбари лавозимини тарк этди. Маълумотни Экологик ташкилотлар ассоциацияси бошқаруви раиси Ойгул Соловьева тасдиқлади, деб хабар берди “Tengrinews”.
“Ҳа, ҳақиқатан ҳам Алия Назарбоева Қозоғистон Экологик ташкилотлар ассоциацияси президиуми раҳбари лавозимини тарк этди. Бу январь охирида бўлганди. 4 февраль куни эса ассоциациямиз аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказдик”, деган Соловьева.
Алия Назарбоева 2017 йилнинг ноябридан бери Экологик ташкилотлар ассоциацияси Президиумини бошқарган.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.