Қозоғистондаги талатўпларда неча киши ўлдирилгани очиқланди

Олам

image

Қозоғистондаги тартибсизликларда 4,5 мингдан ортиқ одам жабрланган, 225 кишининг жасади моргларга олиб борилган. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратурасининг Жиноий тергов хизмати бошлиғи Серик Шалабаев маълум қилди.

“Ҳозирги кунга қадар 4 578 нафар жабрланувчининг шахси аниқланган, улардан 4 353 нафари жароҳатланган, шу жумладан 3393 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларидир. Фавқулодда ҳолат даврида 225 нафар ўлик мамлакат ўликхоналарига етказилди”, деган у. Шалабаев қурбонлар орасида 19 нафар полиция ходими ва аскар ҳам борлигини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг бир қисми “террорчилик хуружларида иштирок этган, биноларга ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилган қуролли бузғунчилардир”.

“Афсуски, тинч аҳоли ҳам террорчилик ҳаракатлари қурбонига айланган”, - деган Шалабаев.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 225 нафар ҳалок бўлганлардан 175 нафари тиббиёт муассасаларида вафот этган.

Жиноий ишлар тергови

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозиргача мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқаришда иштирок этган 446 кишини ҳибсга олган. 

“Бугунги кунда тергов-тезкор гуруҳи томонидан 546 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, улардан 44 таси террорчилик ҳаракати, 34 таси оммавий тартибсизликлар, 15 таси қотиллик бўйича. Жиноят содир этишда гумон қилинган 672 нафар шахс вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди, шундан 446 таси Суд қарори билан ҳибсга олинди”, деган Шалабаев.

Унинг қайд этишича, ҳужжатлар текширилгандан сўнг ва прокуратура томонидан ҳибсга олиш учун асослар йўқлиги сабабли 100 га яқин шахс қўйиб юборилган. “Ҳозирда зарурий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея аниқлик киритган у.

Қозоғистонда намойишлар

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади. Ҳозиргача БеларусьАрманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги тартибсизликлар

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг