“Алоҳида алгоритм ишлаб чиқилганди”. Қозоқ мухолифатчиси талатўпларни ким бошқарганини айтди
Олам
−
17 Январь 2022
27547Қозоғистон ҳукуматига мухолиф бўлган қочқиндаги банкир Мухтор Аблязов мамлакатидаги тартибсизликлар вақтида одамларни маъмурий биноларни эгаллашга чақирган. Бу ҳақда у РИА Новостига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Айни вақтда Францияда яшовчи Аблязовнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги тартибсизликларни Киевда жойлашган штаб мувофиқлаштириб турган.
Мухолифатчи маъмурий биноларни эгаллаш деганда уларни ёқиб, вайрон қилишни эмас, балки ўша ерга жойлашишни назарда тутганини қўшимча қилган.
Қочқин банкирнинг сўзларига кўра, мухолифат деб аталган шахслар ишлаб чиққан алгоритмда айнан шундай ёзилган. Шу билан бирга, Аблязовнинг таъкидлашича, гап погромлар ва хуружлар ҳақида эмас эди.
У тартибсизликлар вақтида отишма ва талончиликлар авж олганида провокаторларни айблаган. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги эса воқеа ортида жангарилар тургани ҳақида хабар берган эди.
Шу билан бирга, қочоқ банкир норозилик намойишларида хорижликлар бўлмаганини таъкидламоқда. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатга қарши ҳужумда Афғонистон ва Яқин Шарқдан бўлган чет эллик жангарилар ҳам қатнашганини айтганди.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади. Ҳозиргача Беларусь, Арманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь