Ироқда футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқди (видео)
Спорт
−
05 Июль 2023
6343Футбол бўйича Ироқ миллий чемпионати ўйинида футболчи ва ҳакамлар Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция уюштириб, майдонга Қуръон китоблари билан чиқди. Бу ҳақда “Aaj News” хабар берди.
Қайд этилишича, норозилик акцияси Ироқ Премьер-лигасининг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинида ўтказилган. Ўйин бошланганида икки жамоа аъзолари ва ҳакамлар Қуръони Карим нусхалари билан майдонга тушган ва китобни қўлларига олиб, ўпган.
Ушбу ҳолат тасвирланган кадрлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жуда тез машҳурликка эришди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди.
Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган.
Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди.
3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди.
Бугун, 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь