Жазога тортилган Абдухолиқов, Тўқаевнинг махфий бойлиги, АҚШ санкцияларини менсимаган Кремль...Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай муҳим воқеликлар содир бўлди? Сўнгги қайноқ хабарлар қисқача тафсилоти билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишишингиз мумкин.

Жамият

Uzbekistan Airways Қора денгиз узра амалга оширилган парвоз юзасидан расмий изоҳ берди

Жорий йилнинг 19 февраль куни ижтимоий тармоқларда HY-271 Тошкент – Истанбул йўналиши бўйича Қора денгиз устидаги ҳарбий машғулотлар ўтказилаётган ҳаво майдонидан амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. “Uzbekistan Airways” АЖ мазкур парвоз ҳақида тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳар бир рейснинг парвоз йўналиши уни амалга оширадиган авиакомпания томонидан об-ҳаво ва барча давлатларнинг ҳаво майдонидаги вазиятни батафсил таҳлил қилиш асосида танланади.

Ушбу йўналишдаги парвозларни чекловчи аэронавигация маълумотлари бўлмаган.

Пойтахт ва Тошкент вилоятида экстремистларга ўралашиб қолган 24 киши ушланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўтказган тезкор тадбирдаТошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида экстремистик ташкилотларнинг ноқонуний равишда фаолият юритган бир гуруҳ аъзолари аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида, экстремистик оқим ва ҳалқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллари топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Ўзбекистонда “йўл безорилиги” учун жавобгарлик белгиланади – Бобожонов

Ўзбекистонда “йўл безорилиги”, яъни транспорт воситасини қасддан тартибсиз бошқариш, йўл-патруль хизмати ходимларига қаршилик кўрсатиш каби ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов маълум қилди.

Вазирга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қонунчилик такомиллаштирилади.

Хусусан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун ҳам жазо чоралари кўзда тутилади.

Жиззахда ДСИ катта инспектори пора билан ушланди

Жиззах шаҳрида тадбиркорга имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган давлат солиқ катта инспектори ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг давлат солиқ катта инспектори А.Х. “M.N.” МЧЖ раҳбари М.нинг ишончига кириб, банк муассасаларида ишловчи танишлари орқали 200 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам бериш эвазига 600 АҚШ доллари ва ўзи учун қайтариб бериш шарти билан 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкентда жиноий гуруҳ Россиядан юборилган 7 цистерна бензинни ўғирлади

Россиядан Тошкентга юборилган 7 цистерна бензин ўғирлаган фуқаролар тергов қилинмоқда. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти маълум қилди.

Жорий йилнинг 30 январь куни фуқаро Б.С, Ш.Д., Д.И. ва бошқа шахслар Россиянинг Орск шаҳри нефтни қайта ишлаш заводидан Тошкент шаҳри, Сергели тумани 5-даҳада жойлашган МЧЖ хорижий корхонасига юборилган 7 та вагон-цистернага юкланган АИ-95 маркали бензинни ўғирлаб кетган.

2,6 млрдлик қўлёзмалар “ухлатилган”. БП ЎзМУ мансабдорларига жиноят иши очди

Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII – XIX асрларга оид қиймати 2,6 миллиард сўмлик 60 га яқин қўлёзма ва асарлар талон-тарож қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII – XIX асрларга оид қиймати 2,6 млрд сўмлик тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон-торож қилингани ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Яна Самарқанд! Ҳайдовчилардан улуш ундириб келган тўда ушланди

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ноқонуний автотураргоҳ ташкил этиб, ҳайдовчилардан улуш олиб келганлар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда ДХХ ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Иштихон туманида яшовчи О.Р., Ш.А., А.Қ, ва С.М. қўлга олинган. Улар Иштихон шаҳри “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг “Тошкент – Самарқанд” йўналишида ноқонуний ташкил этилган автотураргоҳда ҳайдовчилардан зўрлик ишлатиб тамагирлик йўли билан улуш олиб келган.

Онаси айиқ қафасига ташлаб юборган 3 яшар қиз шифохонадан чиқди

Бугун, 21 февраль куни Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан айиқ қафасига ташлаб юборилган 3 ёшли З.А. шифохонадан чиқди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Барча тиббий кўриклар ижобий натижа кўрсатгани ва боланинг руҳий ҳолати меъёрида экани инобатга олиниб, унга яқинлари ҳамроҳлигида уйига рухсат берилди. Қизалоқ ҳозирча бувисининг қарамоғида бўлади”, дейилади вазирлик хабарида.

Бюджет пулини оилавий компаниясига ўтказган Фирдавс Абдухолиқовга жазо тайинланди

Бугун, 21 февраль куни, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди.

Суд қарорига кўра Фирдавс Абдухолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Мактабларда махсус автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади

Ўзбекистондаги мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Корея тажрибаси асосида мактаб ёнидан ўтган йўлнинг 300 метр масофасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигининг юқори чегарасини 30 км/соат этиб белгилаш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор”, дейди вазир.

“Қонли январь” учун 50 дан ортиқ кишига ҳукм ўқилди

Қозоғистонда “қонли январь” воқеаларида иштирок этган 50 дан ортиқ кишига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Санжар Одилов маълум қилган. 

"Январь воқеалари бўйича 107 нафар гумонланувчига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари айблов хулосаси билан якунланди. Бу ишларнинг асосий қисмини ўғирлик – 65, ноқонуний қурол сақлаш – 11, уларни ўғирлаш – 7 ва бошқалар ташкил этади", дейди Одилов. 

Тошкентдаги уйлардан бирида аёл кишининг мурдаси топилди

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги уйлардан бирида ёлғиз ўзи яшовчи яшовчи 56 ёшли рус миллатига мансуб аёлнинг мурдаси тан жароҳатлари билан қонга беланган ва бошига целлофан пакет кийдириб кетилган ҳолда топилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, айбланувчи ўзи томонидан содир этилган ўта оғир турдаги жиноятни яшириш мақсадида хонадонда мавжуд газ плитасининг барча жўмракларини очиқ қолдириб, ҳодиса жойидан яширинган. Ҳодиса жойидан олинган қўл-бармоқ излари 1968 йилда Сирдарё вилоятида туғилган шахс томонидан қолдирилгани аниқланган.

Олам

Макрон Путин ва Байденни саммит ўтказишга кўндирди

Кеча, 20 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Жо Байденга икки томонлама саммит ўтказишни таклиф қилди. Томонлар таклифни қабул қилган. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни Елисей саройи тарқатган хабарда айтилган.

“У (Макрон – таҳр.) Президент Байден ва Президент Путин ўртасида, сўнгра Европада хавфсизлик ва стратегик барқарорлик бўйича барча манфаатдор томонлар билан саммит ўтказишни таклиф қилди. Президентлар Байден ва Путин бундай саммит тамойилини қабул қилишди”, дейилади хабарда.

АҚШ Россияда терактлар бўлишидан огоҳлантирди

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси терактлар хавфи туфайли Америка фуқароларини жамоат жойларидан узоқроқ юриш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

“ОАВ маълумотларига кўра, йирик шаҳарлар, жумладан, Москва ва Санкт-Петербургдаги савдо марказлари, темир йўл ва метро бекатлари, шунингдек, одамлар гавжум бўлган бошқа жойларга, шунингдек, Россиянинг Украина билан чегарасидаги кескинлик юқори бўлган ҳудудларга ҳужум қилиш хавфи мавжуд. “, дейилади хабарда.

Байден қандай ҳолатда Путин билан учрашиши айтилди 

АҚШ Президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кирмаса, Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашишга тайёр. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки берган баёнотда айтилади.  

“Президент кўп маротаба аниқ таъкидлаганидек, биз босқин бошлангунга қадар дипломатик ҳамкорликка содиқмиз. Агар Россия ҳарбий ҳаракатлар чорасини кўрмаса, Давлат котиби [Энтони] Блинкен ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шу ҳафта охирида Европада учрашади. Президент Байден, агар босқин бўлмаса, бу алоқалардан сўнг Президент Путин билан учрашишга принципиал рози бўлди. Биз дипломатияга доим тайёрмиз”, дейилади ҳужжатда. 

Қозоғистонда собиқ Мудофаа вазири қўлга олинди 

Қозоғистонда январь воқеаларидан сўнг Мудофаа вазири лавозимидан озод этилган Мурат Бектанов ҳукумат ҳаракатсизлигида айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берган.  

“19 февраль куни Бош прокуратура собиқ Мудофаа вазири Бектанов Мурат Карибаевичга нисбатан ўз хизматидаги ҳаракатсизлик факти бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 452-моддасига асосан судгача тергов бошлади”, дейилади хабарда.

Credit Suisse швейцар банкининг “йирик” мижозлари маълумотлари тарқалди: улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкининг мижози бўлган ўнлаб тадбиркорлар ва амалдорларнинг маълумотлари ошкор қилинди. Улар орасида ўзбекистонлик мижозлар ҳам бор. Бу Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) томонидан тақдим этилган Suisse Secrets тадқиқоти маълумотларида кўрсатиб ўтилган.

“Credit Suisse сирлари” – дунёдаги энг йирик ва энг бой банклардан бири ҳақида халқаро текширув.

Маълумотларга кўра, 39 мамлакатдаги 48 нашрнинг 163 нафар журналисти бир неча ой давомида Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик банки Credit Suisse’дан ҳисоб маълумотлари сизиб чиқишини ўрганишган. Сиздирилган маълумотларда 18 мингдан ортиқ ҳисоб қайдномалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 100 миллиард доллардан ошган. Бу йирик Швейцария банкидан мижозлар маълумотларининг сизиши билан боғлиқ ягона ҳолат.

Луганскда 55 ёшдан ошган эркаклар ҳам армияга чақирилди

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск Халқ Республикаси раҳбари Леонид Пасечник 55 ёшдан ошган эркакларни ихтиёрий сафарбар этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. 

“Луганск Халқ Республикаси раҳбарининг 2022 йил 19 февралдаги “Сафарбарлик эълон қилиш ва Луганск Халқ Республикаси ҳудудида жорий этилган ҳарбий ҳолат режимини таъминлашга қаратилган айрим чора-тадбирларни қўллаш тўғрисида”ги фармонига ўзгартириш киритилсин. 2-банд қуйидаги мазмун билан тўлдирилсин: “55 ёшдан ошган эркак фуқароларни ихтиёрий равишда ҳарбий хизматга чақириш”, дейилади ҳужжатда. 

Кремль АҚШнинг янги санкцияларини “менсимади” 

Аввалроқ, АҚШ маъмурияти Москвага қарши санкциялар тайёрлагани, бу Америка банкларига Россиянинг йирик банклари учун транзакцияларни қайта ишлашни тақиқлашдан иборатлиги айтилганди.  

Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Қўшма Штатлар янги санкциялар рўйхатини тайёрлаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди. Песковнинг сўзларига кўра, қабул қилинмаган ҳужжатларга изоҳ бериш қийин. 

ЕИнинг Россияга қарши санкциялари тайёр бўлди

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари бўйича ишлар якунланди, улар тайёр. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель маълум қилган.

“Санкциялар бўйича ишлар якунланди, улар тайёр. Оғир вазиятда, мен Ташқи ишлар вазирларини фавқулодда йиғилишга чақираман, унда санкциялар тақдим этилади. Биз буни вақти келганда амалга оширишга тайёрмиз, шундай дақиқалар келади, лекин биз у келмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз”, дейди Боррелль.

Европадан Тўқаев оиласининг махфий бойликлари топилди

Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкининг мижози бўлган ўнлаб тадбиркорлар ва амалдорларнинг маълумотлари ошкор қилингани ҳақида хабар берган эдик. Улар орасида амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг собиқ рафиқаси Надежда Тўқаева ҳамда унинг Женевадаги элита мактаб-интернатда таҳсил олган ўғли Тимур Тўқаев ҳам бор. Бу Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (ОCCРП) томонидан тақдим этилган Credit Suisse тадқиқоти маълумотларида кўрсатиб ўтилган.

Маълумотларда айтилишича, 1998 йилда Credit Suisse Тўқаевнинг ўша пайтдаги рафиқаси Надежда ва уларнинг Женевадаги мактаб-интернатда ўқиган 14 ёшли ўғли Тимур учун ҳисоб очган. 2005 йилда ҳисобда бир миллион долларга яқин пул қайд этилган. Ҳисобни ёпгач, Тўқаевлар 2012 йилда Швейцарияда ўз ҳисоб рақамларига эга Британия Виржиния оролларида офшор компаниялар очган. Бу фирмалар Британияда 2014 йилда активлари беш миллион долларни ташкил этган компанияларни назорат қилган. Шунингдек, Москва ва Женевада камида 7,7 миллион долларлик мулк сотиб олинган.

Кремлга маломатлар қилган Помпео Путинни бир жумла билан тарифлади

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Давлат департаментининг собиқ раҳбари Майк Помпео C-SPAN канали эфирида Россия Президенти Владимир Путин қандай раҳбар эканини тарифлаб берди.

“Жуда тушунарли, жуда қобилиятли, мен уни ақл бовар қилмайдиган даражада ҳурмат қиламан. Мени бундай сўзлар учун тез-тез танқид қилишарди”, деган сиёсатчи.

Ҳар жойда Назарбоевлар. Элбоши оиласи аъзолари Швейцарияда катта пул сақлагани фош бўлди

Аввалроқ, Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкининг мижози бўлган ўнлаб тадбиркор ва амалдорларнинг маълумотлари ошкор қилингани ҳақида хабар берган эдик. Маълум бўлишича, банк мижозлари орасида Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда ўртанча куёви Тимур Кулибоев ҳам бор.

Қайд этилишича, Дариға Назарбоева 2008-2021 йилларда Credit Suisse’да олтита ҳисоб рақамига эга бўлган бўлиб, уларнинг умумий максимал баланси 46 миллион долларни ташкил этган. 

Қўйнидан тўкилса, қўнжига! Қодиров 20 яшар қизини юқори лавозимга тайинлади

Жорий йилнинг 18 февраль куни Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ўзининг учинчи қизи Хутмат Қодировани республика раҳбари котибяти бошлиғи ўринбосари этиб тайинлади. Бу ҳақда “Грозний-информ” хабар берди.

“У муҳим йўналишни эгаллайди - реабилитация марказлари ишини назорат қилиш. Бу ҳозирда коронавирус пандемияси шароитида энг долзарб ва масъулиятли соҳа”, дейди Қодиров.

Бундан ташқари, Қодиров Валид Эдиловни ўз котибиятига янги раҳбар этиб тайинлаган.

Тезкор! Путин бугун ДХР ва ЛХР бўйича қарорини эълон қилади

Бугун, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Донбассда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини (ДХР ва ЛХР) тан олиш тўғрисидаги қарорини эълон қилади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Ҳурматли ҳамкасблар, фикрингизни эшитдим. Қарор бугун қабул қилинади. Сизга ушбу учрашув учун миннатдорлик билдираман”, деди Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Хитой АҚШнинг икки компаниясига нисбатан санкция жорий этди

Хитой ҳукумати Американинг “Raytheon Technologies” ва “Lockheed Martin” компанияларига Тайванга қурол етказиб бергани учун санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь маълум қилди.

“Хитой ҳукумати “ХХР суверенитети ва унинг хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хорижий санкцияларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Тайванга узоқ вақтдан буён қурол етказиб беришда иштирок этиб келаётган АҚШнинг “Raytheon Technologies” ва “Lockheed Martin” мудофаа компанияларига қарши чоралар кўришга қарор қилди", дея таъкидлайди у.

Спорт

Оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова 4 йилга спортдан четлатилди

Оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова допинг-синамада тақиқланган моддалар аниқланиб, 4 йил муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Мафтуна Исмоиловадан ўтган йилнинг ноябрь ойида мусобақадан ташқари даврда олинган допинг-синамада тақиқланган “OXANDROLONE” ва “STANOZOLOL” моддалари аниқланган. 

Ҳасанбой Дўсматов ва яна 4 нафар ўзбекистонлик боксчи бугун рингга чиқади

Болгарияда бокс бўйича "Странжа" турнирига старт берилди. Бу “Golden Belt” туркумидаги биринчи мусобақа ҳисобланади ва боксчилар ушбу турнирда янги рейтинг очколарини ҳам қўлга киритишлари мумкин бўлади. Ушбу мусобақа 20-27 февраль кунлари София шаҳридаги "Sofia Hall" аренасида бўлиб ўтади

Кундузги дастур жанглари Тошкент вақти билан соат 17:00 да, кечки дастур эса 21:00 да бошланиши режалаштирилган.  Бугун кун давомида беш нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади.

Қишки Олимпия ўйинлари якунланди

Кеча, 20 февраль куни Хитой пойтахти Пекинда қишки Олимпия ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. 

Олимпия ўйинларида 91 давлатдан спортчилар иштирок этди, 7 та спорт тури (15 та йўналиш) бўйича 109 та совринлар тўплами ўйналди. Медаллар ҳисоби бўйича ғолиб 16 олтин, 8 кумуш, 13 бронза медалини қўлга киритган Норвегия терма жамоаси бўлди. Иккинчи ўринни Германия жамоаси (12-10-5), учинчи ўринни Хитой жамоаси (9-4-2) эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг