Байден қандай ҳолатда Путин билан учрашиши айтилди
Олам
−
21 Февраль 2022
10616АҚШ Президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кирмаса, Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашишга тайёр. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки берган баёнотда айтилади.
“Президент кўп маротаба аниқ таъкидлаганидек, биз босқин бошлангунга қадар дипломатик ҳамкорликка содиқмиз. Агар Россия ҳарбий ҳаракатлар чорасини кўрмаса, Давлат котиби [Энтони] Блинкен ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шу ҳафта охирида Европада учрашади. Президент Байден, агар босқин бўлмаса, бу алоқалардан сўнг Президент Путин билан учрашишга принципиал рози бўлди. Биз дипломатияга доим тайёрмиз”, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Жо Байденга икки томонлама саммит ўтказишни таклиф қилган. Томонлар эса бу таклифни қабул қилган.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.
Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.
Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.