Қозоғистонда собиқ Мудофаа вазири қўлга олинди
Олам
−
21 Февраль 2022
9317Қозоғистонда январь воқеаларидан сўнг Мудофаа вазири лавозимидан озод этилган Мурат Бектанов ҳукумат ҳаракатсизлигида айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берган.
“19 февраль куни Бош прокуратура собиқ Мудофаа вазири Бектанов Мурат Карибаевичга нисбатан ўз хизматидаги ҳаракатсизлик факти бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 452-моддасига асосан судгача тергов бошлади”, дейилади хабарда.
Аниқланишича, кеча, 20 февраль куни Бектанов ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ушланиб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
“Тергов манфаатларини кўзлаб бошқа маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19 январь куни Мудофаа вазири Бектановни ишдан бўшатиш ҳақида фармон чиқарди. Тўқаев ишдан бўшатилган Мудофаа вазирини қўмондонлик фазилатлари йўқлиги, январь воқеалари пайтида армияга ўз салоҳиятини кўрсатишга имкон бермагани учун танқид қилган.
Жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маьлумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.