Тезкор! Путин бугун ДХР ва ЛХР бўйича қарорини эълон қилади
Олам
−
21 Февраль 2022
13513Бугун, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Донбассда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини (ДХР ва ЛХР) тан олиш тўғрисидаги қарорини эълон қилади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Ҳурматли ҳамкасблар, фикрингизни эшитдим. Қарор бугун қабул қилинади. Сизга ушбу учрашув учун миннатдорлик билдираман”, деди Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.
Шунингдек, Донбассдаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун ҳамма ишни қилишни билдирди.
Маълумот учун, бугун Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси раҳбарлари Денис Пушилин ҳамда Леонид Пасечник Россия Президенти Владимир Путиндан бу республикаларни тан олишни сўради.
Пушилин ва Пасечникнинг мурожаати “Россия 24” канали орқали эфирга берилди. Улар ўз сўровига сабаб сифатида “тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш зарурати”ни келтирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 февраль куни Россия парламенти – Федерал Мажлисининг қуйи палатаси – Давлат думаси ялпи мажлисида Донбасснинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бунда Донецк ва Луганск халқ республикларини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек ҳукмрон “Ягона Россия” партияси лойиҳаси овозга қўйилиб, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш танланди.
Қайд этиш керакки, 2008 йил Россия ўз мухториятига қўшин киритишни режалаштираётган Грузияни тўхтатиш учун Осетияда россияликлар борлигини важ қилиб, ҳудудга қўшин киритганди. Якунда икки ўртада уруш бўлиб, Грузия мағлуб бўлган.
Маълумот учу, бундан аввал, Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та “Жевелин” танкка қарши ўточар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизматчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Оммавий ахборот воситаларига кўра, ҳозирда Украина атрофида 190 мингга яқин рус қўшинлари тўпланган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги энг катта ҳарбий сафарбарликдир.
Украина шарқидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари аҳолини Россияга эвакуация қилишни бошлаган. Минтақадаги россияпараст сепаратистлар Киевни уруш бошлашда айбламоқда.
LiveБарчаси