Uzbekistan Airways Қора денгиз узра амалга оширилган парвоз юзасидан расмий изоҳ берди
Жамият
−
21 Февраль 2022
26904Жорий йилнинг 19 февраль куни ижтимоий тармоқларда HY-271 Тошкент – Истанбул йўналиши бўйича Қора денгиз устидаги ҳарбий машғулотлар ўтказилаётган ҳаво майдонидан амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. “Uzbekistan Airways” АЖ мазкур парвоз ҳақида тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳар бир рейснинг парвоз йўналиши уни амалга оширадиган авиакомпания томонидан об-ҳаво ва барча давлатларнинг ҳаво майдонидаги вазиятни батафсил таҳлил қилиш асосида танланади.
Ушбу йўналишдаги парвозларни чекловчи аэронавигация маълумотлари бўлмаган.
19 февраль кунги парвоз учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳамда хавфсизлик талабларидан келиб чиққан ҳолда, HY-271 қатновини Ўзбекистон, Қозоғистон, Каспий денгизи, Россия Федерацияси, Шимолий Кавказ, Қора денгиз ва Туркия орқали ўтадиган маршрут бўйича амалга ошириш режалаштирилган бўлган.
Қора денгиз устидаги ҳаво майдони парвозлар учун тўлиқ очиқ ва хавфсиз эди. Айни шу ҳудудда ва шу вақтда “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Boeing-757 самолёти яқинида Россия, Туркия, Озарбайжон, Ироқ ва бошқа мамлакатлардаги бир қатор авиаташувчиларнинг самолётлари ҳам ўз парвозини амалга оширгани буни тасдиқлайди.
Қора денгиз устидан ҳаво кемалари ҳаракати хавфсизлиги ҳар доимгидек Россия ҳаво ҳаракатини назорат қилиш органлари (Ростов ҳаво ҳаракатини назорат қилиш маркази) ва Туркия (Анқара парвоз маълумоти ҳудуди) томонидан узлуксиз таъминланган. Шу билан бирга, Ростов ҳаво ҳаракатини назорат қилиш марказининг диспетчери томонидан самолёт экипажига Қора денгиздаги юқорида кўрсатилган маршрутга кириш ва ундан фойдаланиш учун рухсат берилган.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир авиакомпания авиақатновларнинг парвоз йўналишини белгиланган хавфсизлик талаблари асосида, барча давлатларнинг ҳаво майдонидаги вазиятни батафсил таҳлил қилиш орқали танлайди. Мабодо маълум бир чекловлар мавжуд бўлса, авиакомпания экипажи ушбу ҳудудни четлаб ўтиш учун муқобил йўналишларни таҳлил қилиб чиқиб, бу борада якуний қарор қабул қилади.
Ҳаво кемасида бўлган 155 нафар йўловчининг ҳаётига ҳеч қандай хавф юзага келгани йўқ. Парвоз қатъий белгиланган жадвал асосида, халқаро ҳаво транспорти стандартларига тўла риоя қилқинган ҳолда амалга оширилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь