ЕИнинг Россияга қарши санкциялари тайёр бўлди
Олам
−
21 Февраль 2022
6845Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари бўйича ишлар якунланди, улар тайёр. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель маълум қилган.
“Санкциялар бўйича ишлар якунланди, улар тайёр. Оғир вазиятда, мен Ташқи ишлар вазирларини фавқулодда йиғилишга чақираман, унда санкциялар тақдим этилади. Биз буни вақти келганда амалга оширишга тайёрмиз, шундай дақиқалар келади, лекин биз у келмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз”, дейди Боррелль.
Унинг сўзларига кўра, ЕИ ҳар қандай дипломатик чораларни, жумладан ташқи саммитлар ва вазирлар учрашувларини қўллаб-қувватлайди – музокаралар столига ўтиришнинг ҳар қандай формати муҳим.
Таъкидланишича, кеча, 20 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Россияга қарши санкциялар Европа Иттифоқи давлатларининг ўзига ҳам катта зарар етказишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар - Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари 18 февраль куни аҳолини Россияга эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган.
Украина таркибидан ажралиб чиқиш ҳаракатидан бўлган икки ҳудуд жорий йилнинг 17 февраль куни Украина ҳарбийлари Донбассга ҳужум қилганини рўкач қилиб, Киевни айбламоқда. Аммо, расмий Киев ЛХР ва ДХР томонидан Украина ҳудудига 60 маротаба ўқ узилганини айтмоқда. Ҳатто, баъзи ҳужумлар оғир артиллериялар ёрдамида уюштирилгани маълум қилинмоқда.
Украина ҳукумати мамлакат ҳарбийлари шарқий ҳудудларга ҳужум қилишни режалаштирмаганини айтиб, ЛХР ва ДХРни ёлғон хабар тарқатишда айблаган.
ЛХР ва ДХР ҳужум бошлангани ортидан ўз фуқароларини Россия ҳудудига эвакуация қила бошлаган.