Credit Suisse швейцар банкининг “йирик” мижозлари маълумотлари тарқалди: улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Олам

image

Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкининг мижози бўлган ўнлаб тадбиркорлар ва амалдорларнинг маълумотлари ошкор қилинди. Улар орасида ўзбекистонлик мижозлар ҳам бор. Бу Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) томонидан тақдим этилган Suisse Secrets тадқиқоти маълумотларида кўрсатиб ўтилган.

“Credit Suisse сирлари” – дунёдаги энг йирик ва энг бой банклардан бири ҳақида халқаро текширув.

Маълумотларга кўра, 39 мамлакатдаги 48 нашрнинг 163 нафар журналисти бир неча ой давомида Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик банки Credit Suisse’дан ҳисоб маълумотлари сизиб чиқишини ўрганишган. Сиздирилган маълумотларда 18 мингдан ортиқ ҳисоб қайдномалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 100 миллиард доллардан ошган. Бу йирик Швейцария банкидан мижозлар маълумотларининг сизиши билан боғлиқ ягона ҳолат.

Банкнинг ўзбекистонлик мижозлари орасида Гулруҳ Тиллаева ҳам бор. У Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевнинг аммаси. Тиллаева Credit Suisse ҳисобини турмуш ўртоғи ва Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган Абу Сахийни бошқарган Никита Калиниченко билан баҳам кўради. Унинг шахсий ҳисобидаги қолдиқ 2,2 миллион Швейцария франкидан (тахминан  2 миллион 415 минг АҚШ доллари) ошиқ.

Credit Suisse мижозлари орасида миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева ҳам бор. Кўп йиллик акушер-гинеколог бўлган Нарзиева телекоммуникация, тоғ-кон саноати ва медиа йўналишидаги компанияларга эгалик қилади. Унинг банкидаги ҳисоб рақамида 2 миллиард 16 миллион доллардан кўпроқ пули бор.

Швейцар банки мижозлари орасида Ўзбекистон теннис федерациясининг кўп йиллик бош котиби Игорь Шепелев ҳам бор. Шепелевнинг 2014 йилда ёпилган ҳисоб рақамида 2 миллион 817 минг швейцария франки (3,057,375 АҚШ доллари) бўлган.

Қайд этилишича, у 2005 йилда Шепелев “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Мукофотда у Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ) ходими сифатида қайд этилган.

Credit Suisse мижозлари орасидан Ўзбекистоннинг амалдаги Ҳукуматида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари вазифасини бажариб келаётган Очилбой Раматовнинг турмуш ўртоғи Раъно Раматова ҳам бор. У банкдаги ҳисобида максимал 954 009 швейцар франки бўлган. Бу 1 039 869 долларга тенг.

Ҳисобдан фойдаланиш ва уни идора қилиш ҳуқуқи Раъно Раматованинг қизи ва Очилбой Раматов раҳбарлигида Ўзбекистон Темир Йўллари билан ҳамкорлик қилган Оrient Group конгломератининг асосчиларидан бирида бўлган. Раъно Раматова, офшор ширкати пул ювишда гумон қилиниб текширила бошлангач, Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамини ёпиб ташлаган.

Тадқиқотда қайд этилишича, тадбиркорлар ва мансабдор шахслар банкдан пул ювиш сифатида фойдаланган. Бироқ, банкнинг ўзи буни рад этган.

Credit Suisse банкнинг бизнес амалиётлари ҳақидаги шубҳа ва хулосаларни қатъиян рад этган. Қайд этилган ҳолатлар асосан узоқ ўтмишга оид бўлиб, уларнинг баъзилари 1970-йилларга тўғри келади.

Қайд этилишича, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш ҳақида гап кетганда, Credit Suisse қатъий назоратга эга ва банк янги ҳисобварақларни очишда ҳам, мавжуд бўлганлар учун ҳам банк стандартларига мувофиқ ном текширувини ўтказади.

Inforeactor маълумотларига кўра, OCCRP ЕОИИ билан интеграциялашув даъволари фонида Ўзбекистонга қарши тергов тайёрламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг