Мактабларда махсус автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади
Жамият
−
21 Февраль 2022
7347Ўзбекистондаги мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Корея тажрибаси асосида мактаб ёнидан ўтган йўлнинг 300 метр масофасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигининг юқори чегарасини 30 км/соат этиб белгилаш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, мактабларга ўқувчиларнинг келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйишга зарурат бор”, дейди вазир.
Пўлат Бобожоновга кўра, 380 та умумтаълим мактабида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитиш бўйича махсус синфхоналар, яна 167 та мактабда йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари ташкил этилган. Мазкур шароитлардан фойдаланиб, мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича зарурий тушунчалар берилмоқда. Йўлларда ўзини хавфсиз тутиш юзасидан кўникмалар шакллантирилмоқда. Лекин мазкур ишлар билан республикадаги фақат 4 фоизгина мактаблар қамраб олинган, холос.
“Шунинг учун барча мактабларда махсус синфхоналар ташкил этилиб, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” бўйича алоҳида фан киритиш таклиф қилинмоқда. Туркия тажрибасидан келиб чиқиб, йўл ҳаракати қоидаларига мослаштирилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” истироҳат боғларини ташкил қилиш режамиз бор”, дея таъкидлади вазир.
Пўлат Бобожоновнинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон йўлларида 10 минггача автоавария содир этилмоқда. Жумладан, ўтган йили ЙТҲлар оқибатида 965 нафар пиёда вафот этган, шундан 263 нафари болалар.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15