Мьянмада мактабга уюштирилган ҳужумда 30 киши ҳалок бўлди
Олам
−
158 2 дақиқа
Мьянманинг марказий қисмидаги исёнчилар назоратидаги қишлоқда жорий йилнинг 26 ноябрь куни мактабга уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида чақалоқ ва бир неча мактаб ўқувчилари ҳам бор. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум Магвей минтақасининг Синбаунгве шаҳарчасидаги мактаб ва монастир жойлашган мажмуада содир бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса диний маросим вақтида юз берган.
Мухолифат ва ҳудудий муваққат ҳукуматнинг қўшма баёнотида ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакиллари ва исёнчи кучларнинг айрим аъзолари ҳалок бўлгани айтилган. Маҳаллий гувоҳ ҳудудда ҳужум вақтида фаол тўқнашувлар бўлмаганини билдирган.
Ҳарбийлар билан алоқадор Telegram-каналларда ҳужум исёнчи кучларнинг йиғилиши ва битирув маросимига қарши амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Мьянма ҳарбийлари ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
Мухолифат ҳужумни асоссиз деб атаб, уни уруш жинояти ва Женева конвенцияси бузилиши сифатида баҳолаган. Шунингдек, улар ҳодиса юзасидан далиллар тўплаётгани ва келгусида халқаро ҳуқуқий жараёнларда фойдаланишни режалаштираётганини билдирган.
Мьянмадаги фуқаролар уруши 2021 йилда ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин бошланган. Маълумотларга кўра, можаро оқибатида қарийб 100 минг киши ҳалок бўлган, 3,5 миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистоннинг Кунар вилоятидаги мактаб яқинида содир бўлган портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси