Украина дронлари Россиянинг 4 та ҳудудига ҳужум қилди
Олам
−
441 2 дақиқа
Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри, Краснодар ўлкаси, Ленинград ва Тула вилоятларига ҳужум қилди. Новороссийск шаҳрида уч киши жароҳатланди, турар жой бинолари ва хусусий уйларга зарар етди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Маълум қилинишича, Краснодар ўлкасининг Новороссийск шаҳрида дрон қолдиқлари кўп қаватли уй деразаларини синдирган. Шунингдек, иккита хусусий уйда ёнғин чиққан.
Ленинград вилоятида ҳужум вақтида Ладога кўприги ҳаракат учун ёпилган. Вилоят губернатори Александр Дрозденконинг айтишича, тунда ҳудуд осмонида 45 та дрон уриб туширилган. Кўприк ҳудудида мобил ўт очиш гуруҳлари ишлаган.
Санкт-Петербургнинг бир нечта туманида портлаш овозлари эшитилган. Нашрнинг ёзишича, шаҳардаги Лидия Зверева кўчасида жойлашган “Шуваловский” турар жой мажмуасининг юқори қаватларидан бири шикастланган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳужум сабаб Пулково аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган.
Тула вилоятининг Ефремов шаҳрида ҳам портлашлар содир бўлган. “Астра” ва Exilenova+ мониторинг каналлари хабарига кўра, портлашлар синтетик каучук заводи яқинида юз берган.
Вилоят губернатори Дмитрий Миляев ҳужум оқибатида инфратузилмага зарар етмаганини, бироқ бир нечта хусусий уйнинг деразалари синганини билдирган.
“Украинская правда” нашрининг ёзишича, Ефремов синтетик каучук заводида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ракета ёқилғиси тайёрлашда ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ставрополь ўлкасидаги Невинномисск шаҳрида Украина дронларининг саноат инфратузилмасига уюштирган ҳужуми оқибатида икки киши жароҳатланган эди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва энергетика объектлари яқинида уриб туширилган дронларнинг парчалари қулаши оқибатида бир нечта бино шикастланган.
Live
Барчаси