Варшавада Украина фуқароси ўзини ёқиб юборди (видео)
Олам
−
740 4 дақиқа
Варшава шаҳрида Украина фуқароси Полша Президенти саройи яқинида ўзини ёқиб юборди. Ҳодиса 25 ноябрь куни кечқурун содир бўлган. Эркакнинг бу ҳаракати Полшада украиналикларга нисбатан камситишларга норозилик билдириш билан боғлиқ бўлиши мумкин, бироқ бу версия ҳозирча расман тасдиқланмаган. Бу ҳақда “Meduza” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа Варшава марказида, Президент саройи қаршисида жойлашган Полша Ички ишлар ва маъмурият вазирлиги биноси яқинида содир бўлган. 22 ёшли йигит ўз устига ёнувчан суюқлик қуйиб, ўзини ёққан. Ҳодисани кўрган йўловчилар биринчи бўлиб унга ёрдам беришга шошилган. Улардан бири ўт ўчиргич олиб келиб, алангани ўчирган. Fakt нашрининг ёзишича, яқин атрофда навбатчилик қилаётган Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўт ўчириш хизмати ва тез тиббий ёрдам чақирган.
Жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Унинг юзи, орқаси, оёқлари, қўллари ва юқори нафас йўллари жиддий куйган. Айни вақтда у Варшава ҳарбий тиббиёт институтининг реанимация бўлимида даволанмоқда. “Miejski Reporter” нашрининг хабар беришича, унинг аҳволи оғир.
Полша Ички ишлар ва маъмурият вазирлиги (MSWiA) жабрланувчи 22 ёшли Украина фуқароси эканини маълум қилган. Сенатор Гжегож Схетина вазирлик маълумотларига таяниб, йигитнинг ёнида Полша фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлганини қўшимча қилган. Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса жабрланувчининг онаси билан алоқа ўрнатган.
Йигитнинг бундай ҳаракатга нима сабабдан қўл ургани ҳозирча номаълум. Super Express нашри унинг ҳаракатлари норозилик намойиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзган. Fakt нашри эса йигит Полшада украиналикларга нисбатан камситишларга қарши норозилик билдирган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“У Полшадаги Украина фуқароларига поляклар билан тенг муносабатда бўлишни талаб қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз норозилиги сабабларини кўрсатувчи плакат ёки қоғоз парчасини кўтариб юрган бўлиши мумкин. Ундаги ёзувларнинг аниқ мазмуни ҳозирча номаълум”, деб ёзган нашр.
Radio Eska нашрининг хабар беришича, терговчилар ҳозирда воқеанинг иккита асосий сабабини кўриб чиқмоқда. Биринчи тахминга кўра, йигит сиёсий норозилик билдириш мақсадида ҳаракат қилган бўлиши мумкин. У Полшада украиналикларга нисбатан муносабат ҳақида ёзилган плакатни кўтариб юргани айтилмоқда. Бироқ йигитнинг оғир куйиш жароҳатлари олгани сабабли ушбу тахминни текшириш қийин кечмоқда.
Иккинчи тахмин эса унинг шахсий ҳаётидаги муаммолар билан боғлиқ. Норасмий маълумотларга кўра, йигит Ченстохова технология университетида таҳсил олган ва ўқишида айрим муаммоларга дуч келган бўлиши мумкин.
“Miejski Reporter” нашри эса йигит Ченстохова университетидан ҳайдалиши мумкин бўлганини аниқлаштирган. Нашрнинг ёзишича, у шундан сўнг украиналиклар ва полякларга тенг муносабатда бўлишни талаб қилиш учун махсус Варшавага келган бўлиши мумкин.
Полша Ички ишлар ва маъмурият вазирлиги вакили Каролина Галецка “Euronews Poland” нашрига берган интервьюсида ҳодиса сабаблари ҳақида хулоса чиқариш ҳали эрта эканини айтган.
“Ҳозирда йигитнинг ёнида плакатлар бўлган-бўлмагани ва уларда нима ёзилганини текширмоқдамиз. Эслатиб ўтаман, у танасининг катта қисмида куйиш жароҳатларини олган, воқеа жойидан топилган рюкзаги ҳам ёниб кетган. Шу сабабли ҳозирча унинг эҳтимолий ҳаракат сабаблари ҳақида тахмин қилишдан тийиламан”, деган у.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Полша украиналик қочқинларга вақтинчалик ҳимоя тақдим этиш бўйича икки миллиондан ортиқ қарор қабул қилган. Бу кўрсаткич Европа Иттифоқининг бошқа ҳар қандай давлатига нисбатан юқори ҳисобланади. Бироқ ҳозирда вақтинчалик ҳимоя олган украиналиклар сони бўйича Полша Германиядан кейин иккинчи ўринда турибди.
Сўнгги йилларда Полша жамиятида Украинага қарши кайфият кучайгани кузатилмоқда. Шунингдек, полиция украиналикларга қарши нафрат асосида содир этилган жиноятлар ҳақида кўпроқ хабар олмоқда. 2026 йил ёзида эса мамлакатда украин миллатига мансуб шахсларга нисбатан тажовузларга қарши бир қатор кўча намойишлари бўлиб ўтган.
Шу билан бирга, Варшавадаги мазкур ҳодиса билан Полшадаги украиналикларга нисбатан муносабат ўртасидаги боғлиқлик ҳозирча расман тасдиқланмаган. Жабрланувчининг ўзи оғир аҳволда бўлгани сабабли ҳозирда терговчиларга кўрсатма бера олмайди.
Эслатб ўтамиз, аввалроқ Польша НАТОдан Россия ракеталари иттифоқдош давлатлар ҳудуди томон йўналтирилган тақдирда, уларни Украина осмонидаёқ уриб туширишни таклиф қилганлиги ҳақида ҳабар берилган эди.
Live
Барчаси