Украина Россиянинг 5 та ҳудудини бомбалади
Олам
−
219 2 дақиқа
Украина ҳарбийлари бугун, 28 ноябрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтьни қайта ишлаш заводига дронлар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza“ хабар берди.
Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар Новошахтинск шаҳри ва вилоятнинг еттита туманида 50 дан ортиқ дрон уриб туширилганини маълум қилган. Бироқ у ҳужум оқибатлари ҳақида маълумот бермаган.
Ҳужум оқибатлари акс этган фото ва видеоларни “Астра” нашри ҳамда Украинанинг мониторинг Telegram-каналлари эълон қилган. Ушбу зарба сўнгги бир неча кун ичида бу заводга уюштирилган иккинчи ҳужум бўлган.
Шунингдек, Самара вилоятида бир ой ичида иккинчи марта “Самара” ишлаб чиқариш-диспетчерлик станцияси нишонга олинган. “Астра” ва Украинанинг мониторинг каналларининг хабарига кўра, станция “Просвет” посёлкаси яқинида жойлашган.
“Самара” станцияси “Транснефть” тизимининг бир қисми ҳисобланади. Унга Ғарбий Сибир, Татарстан, Оренбург вилояти ва Қозоғистондан нефть олиб келувчи тўртта қувур уланган.
Калуга вилояти губернатори Владислав Шапшанинг айтишича, кеча, 27 ноябрь оқшомидан буён ҳудудда 120 та дрон уриб туширилган. Дрон қолдиқлари Калуга шаҳри чеккасидаги дала ҳовлига зарар етказган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.
Москва мэри Сергей Собянин саккиз соат давомида шаҳар томон учиб келган 123 та дрон уриб туширилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, жами 462 та дрон Москва томон йўналган. Ҳужум сабабли Внуково ва Домодедово аэропортларида парвозлар бўйича чекловлар жорий этилган.
Брянск вилоятининг Климово посёлкасида эса дрон “Мираторг“ компаниясининг хизмат автобусига ҳужум қилган. Губернатор Егор Ковальчукнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳатланган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 28 ноябрь куни эрталаб бир кеча давомида мамлакат ҳудудида 1 200 дан ортиқ дрон уриб туширилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри, Краснодар ўлкаси, Ленинград ва Тула вилоятларига ҳужум қилган эди. Новороссийск шаҳрида уч киши жароҳатланиб, турар жой бинолари ва хусусий уйларга зарар етган.