TikTok'ни блоклаш таклифи, “чув тушган” Россия, анъанавий таълимга қайтаётган Ўзбекистон... 2 февралда нималар бўлди?
Таҳлил
−
02 Февраль 2022
40162Жамият
Ўзбекистондаги барча ОТМлар 23 мезон бўйича “чиғириқдан ўтказилади”
Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари 23 та мезон бўйича комплекс ўрганилади. Жараёнга Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ бошчилик қилади. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, асосий эътибор олий таълимдаги ислоҳотлар, илм, фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграциялар, ахборот-ресурс марказлари фаолияти, молиявий, академик мустақиллик берилган таълим муассасаларига амалий кўмак бериш, илмий салоҳият, таълим жараёнининг қай даражада ташкил этилгани, масофавий таълим, кредит-модуль тизими, талабалар турар жойларида яратилган шарт-шароитлар, коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилганлиги каби мезонларга қаратилади.
“Кундалик” платформаси билан боғлиқ бир қатор талаблар бекор қилинди – ХТВ
Онлайн таълим даври якунига қадар “Кундалик” платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талаблар бекор қилинади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби Лайло Рустамова маълум қилди.
ХТВ расмийси ота-оналарнинг Кундалик.com тизимига фарзандининг уйга вазифасини жойлашда қийинчиликка учраётгани ҳақидаги саволга жавобан Халқ таълими вазирлиги кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик туғдириш мақсадида масофавий таълим даври якунига қадар электрон Кундалик платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талабларни бекор қилаётганини билдирди.
Диний қўмита раиси ўринбосари Президентга маслаҳатчи бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Муродович Комилов Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди
Хабарга кўра, у Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори бўлиб қолади.
Музаффар Комилов 2018 йил 18 апрелдан бери Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Ўзбекистонда TikTok'ни бутунлай блоклаш таклиф қилинди
Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини буткул блоклаш тавсия қилинди. Бу таклиф “Адолат” социал-демократик партияси томонидан берилди.
“Бугунги ёш авлоднинг “тиктокер”лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозимлигидан далолат беради. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўчада кетаётган кишини тепган самарқандлик йигит видео тасвири ҳам шулар сирасидандир. Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди”, дейилади хабарда.
Одамлар 11 млрд сўмлик кешбэкка “ухлади”
Soliq мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган 15 900 та харид чеки учун ҳисобланган 11 млрд сўмлик кешбэк суммаси бекор қилинади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Хабаринингиз бор, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини Soliq мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар 1 фоиз кешбэкка эга бўлмоқда эди.
Ўзбекистондан $1,64 млнни олиб кетаётган қирғизистонликлар ушланди
Ўзбекистондан 1,64 млн долларни Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Олти нафар Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“ДХХнинг Наманган ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги чет эл валютасини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди”, дейилади хабарда.
Чиқинда муаммосини маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди – Мирзиёев
Бугунги кунда Ўзбекистонда одамлар ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолган. Бу ҳақда бугун, 2 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
“Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган.
Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди.
Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
7 млн тонна! Ўзбекистон чиқиндига “ботиб кетяпти”
Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш сабаб йилига 7 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Йиғилишда дунёда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бораётгани, мамлакатда сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши натижасида ўсиш 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етгани айтилди.
Расман: 7 февралдан мактаб, коллеж ва ОТМлар анъанавий таълимга қайтади
Жорий йилнинг 7 февралидан бошлаб Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади.
“Бунда, барча таълим ташкилотларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва антисептик воситалардан мунтазам фойдаланиш талаб этилади”, дейилади расмий хабарда.
Олам
Рекорд! АҚШ давлат қарзи 30 триллион доллардан ошди
АҚШ давлат қарзи рекорд даражага етди ва биринчи марта 30 триллион доллардан ошди. Бу ҳақда кеча, 1 февраль куни эълон қилинган АҚШ Ғазначилиги маълумотлари дарак бермоқда.
Америка нашрлари билан суҳбатлашган молиявий экспертларга кўра, бу кўрсаткичга Вашингтонда кутилганидан бир неча йил олдин эришилган.
“Бу федерал ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш учун триллион долларлик сармоя, жумладан, 5 триллион доллар кенгайтирилган ишсизлик нафақалари, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва рағбатлантирувчи тўловлар натижаси бўлди”, дея ёзган “The New York Times” газетаси.
АҚШ Москванинг хавотирларини менсимади – Путин
АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича жавобидан кўриниб турибдики, Америка томони Россиянинг асосий ташвишларини эътиборсиз қолдирган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.
Россия Президенти Москва 26 январь куни АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларга келиб тушган жавобларни синчиклаб таҳлил қилаётганини таъкидлаган.
“Биз учта асосий талабимиз етарлича кўриб чиқилганини кўрмадик”, деган Президент.
Путин Украинанинг НАТОга кириши нималарга олиб келишидан огоҳлантирди
Россия Президенти Владимир Путин НАТОга аъзо бўлган қуролли Украина Қримда операцияни қандай бошлашини тасаввур қилишни сўради. Бу ҳақда у Россия-Венгрия музокаралари якунида ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
“Украинанинг ўз доктринал ҳужжатларида Қримни, жумладан, ҳарбий йўл билан қайтармоқчи экани ёзилган. Бу уларнинг жамоатчиликка айтгани эмас, ҳужжатларда ёзилган. Тасаввур қилинг-а, Украина НАТО аъзоси, қурол билан тўлдирилган, худди Польша ва Руминияда бўлгани каби замонавий зарба тизимлари мавжуд, бунга ким халақит беради? Кейин у Қримда операцияларни бошлайди, ҳозир мен Донбасс ҳақида ҳатто гапирмаяпман”, деган Путин.
Ўзингдан чиққан балога. Сенаторлар Назарбоевни ваколатларидан маҳрум этишга оид қонунни маъқуллади
Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.
Қонун лойиҳасида “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритилган. Унда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон Халқ Ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишлар киритилган.
Россияни “чув туширишди” – Путин
Россияга НАТО инфратузилмасини Шарққа бир қарич ҳам олдинга силжитмасликка ваъда бериб, “чув туширишган”. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин айтиб ўтди.
“Мен бизнинг хатти-ҳаракатимиз ва [хавфсизлик кафолатлари бўйича] таклифларимиз мантиғини яна бир бор тушунтириб бермоқчиман: маълумки, бизга НАТО блоки инфратузилмасини Шарққа бир қарич ҳам силжитмаслик ваъда қилинган эди. Буни ҳамма яхши билади.
Бугун биз НАТОнинг қаерда жойлашганини кўряпмиз: Польша, Руминия, Болтиқбўйи мамлакатлари. Улар бир нарсани айтишди, бошқасини қилишди. Халқ орасида айтганимиздек, “чув туширишди”, майли, алдашди”, деб эслади Россия Президенти Кремлда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида.
Ҳаммаси Путинга боғлиқ. Жонсон Кремлга қарши санкциялар қачон кучга киришини айтди
Россия Украинага бостириб кириши билан Буюк Британиянинг Москвага қарши санкциялари автоматик тарзда кучга киради. Иқтисодий чоралар Россия бизнесига зарба беради. Бу ҳақда Британия Бош вазири Борис Жонсон Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокарадан кейин шундай баёнот берган.
Жонсонга кўра, расмий Лондоннинг аввал қисман эълон қилган санкциялари 10 февраль куни тайёр бўлади.
“Москва бу санкциялар Украинага бостириб кириш бошланган дақиқада автоматик тарзда кучга киришини, тушуниши жуда муҳим”, деган Британия Бош вазири.
Қозоқ криминал авторитети “Ёввойи Арман” йўқолиб қолди
Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбланаётган жиноий авторитет “Ёввойи Арман” (Арман Жумагелдиев) тергов изоляторидан йўқолиб қолди. Бу ҳақда унинг адвокатлари маълум қилган.
Ҳимоячиларнинг сўзларига кўра, 1 февраль куни улар Олма-ота тергов изоляторида Жумагелдиевни кўргани борган, у кўрсатма бермоқчи бўлган.
“Биз билан бирга Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган идоралараро тергов-тезкор гуруҳи аъзолари кирди. Сўроқ пайтида Арман Жумагелдиев тергов органлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтди”, деган адвокат Талғат Есимов.
Спорт
Футбол Бразилия термаси ўзига хос рекорд ўрнатди
Бугун 2 февраль куни Бразилия терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичининг 16-туридан ўрин олган учрашувда Парагвай қабул қилиб 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба эвазига “пентакампеонлар” ўзига хос рекорд қайд этишди.
Гап шундаки Бразилия термаси жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги мағлубиятсиз сериясини 32 та учрашувга етказиб олди ва Жанубий Америка мамлакатлари ўртасида янги рекорд ўрнатди. Аввалги Жанубий Америка рекорди ҳам “селесао”га тегишли бўлиб 1993 йилда қайд этилган.
Нафақадаги Тайсон пул учун жанг қилмоқчи эмас
Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифаси собиқ мутлақ чемпиони Майк Тайсон молиявий манфаат учун рингга чиқмаслигини маълум қилди.
“Айримлар мен билан 100 миллион доллар учун жанг қилмоқчи. Мен ҳеч қачон бундай ишни қилмайман. Мен буни биринчи марта (Рой Жонсга қарши) фақат ўйин-кулги учун, завқланиш учун қилмоқчи эдим. Баъзи одамлар бошқа даражага кўтарилди ва буни молиявий масала қилиб кўтаришди, шундан сўнг, ўйин-кулги йўқолди”, дейди Тайсон ESPN’га берган интервьюсида.
Бобонов ва Болтабоев таркибда. Ўзбекистон “Катта Дубулға” турнирига йўл олди
Бугун, 2 февраль куни Илиас Илиадис мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси дзюдочилари Париж “Катта Дубулға” турнирида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Жорий йилнинг 5-6 февраль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида “Катта Дубулға” турнири ўтказилади ва унда Токио Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов, ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпионлари – Дилшод Баратов ва Музаффарбек Тўрабоев, ўз вазн тоифасининг 3-рақамли дзюдочиси Шарофиддин Болтабоев ва Тунис Гран-при турнири ғолиби Шаҳрам Аҳадов иштирок этади.
LiveБарчаси