Ўзбекистонда TikTok'ни бутунлай блоклаш таклиф қилинди
Жамият
−
02 Февраль 2022
8606Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини буткул блоклаш тавсия қилинди. Бу таклиф “Адолат” социал-демократик партияси томонидан берилди.
“Бугунги ёш авлоднинг “тиктокер”лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётганлиги мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозимлигидан далолат беради. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўчада кетаётган кишини тепган самарқандлик йигит видео тасвири ҳам шулар сирасидандир. Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди”, дейилади хабарда.
Партияга кўра, бундай шарафли йўлда керак бўлса жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги TikTok сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклаш лозим.
“Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку” дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган ТикТок билан “тиктокерлар”имиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “тиктокер”ларнини чеклаш эмас, уларга имконият бериш кераклиги ҳақида гапирган эди.
Аввалроқ, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифи билан чиққан эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” чекланган. Ўзбекистон юқоридаги компанияларга серверларини Ўзбекистонга кўчириш бўйича талабномалар юборган. Шундан сўнг, 2021 йилнинг 2 июлида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь