ТикТокерларни чеклаш эмас, уларга имконият бериш керак – Ортиқхўжаев
Жамият
−
18 Декабрь 2020
5837Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ТикТокерларнини чеклаш эмас, уларга имконият бериш кераклиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда ҳоким бугун, 18 декабрь куни Congress Hall мажмуасида “Тошкент ёшлари форум — 2020” доирасидаги матбуот анжуманида сўз очди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев форумда ТикТок юлдузларининг иштирок этиши бўйича берилган саволга қуйидагича жавоб берди.
“ТикТок ҳам ижтимоий тармоқлар, интернет оламининг бир қисмига айланиб улгурди. Уларни чеклаш эмас, балки тўғри йўлга солишимиз керак. Ўзбекистон демократик давлат бизга чеклаш ярашмайди. Уларни тўғри йўлга солсак, бугун арзимасдек кўринган ўша ёшлар эртага керакли инсонга айланади”, деди ҳоким.
Форум аввалида ташкил этилган анжуманда Тошкент ҳокими Ёшлар фестивали доирасида бир ой давомида амалга оширилган тадбирлар ҳақида сўз юритаркан, ёшларни тўғри йўл танлашига ва уларнинг орзулари амалга ошишига кўмак беришини таъкидлади.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимованинг айтишига кўра, бугунга қадар форумда 10 мингга яқин ёшлар рўйхатдан ўтган. Улар Congress Hall'да ўтадиган форум доирасидаги тадбирларда иштирок этишади.
LiveБарчаси