Ўзбекистондан $1,64 млнни олиб кетаётган қирғизистонликлар ушланди
3-саҳифа
−
02 Февраль 2022
14503Ўзбекистондан 1,64 млн долларни Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Олти нафар Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
“ДХХнинг Наманган ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда катта миқдордаги чет эл валютасини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тадбир давомида Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг чегараолди ҳудудида яшовчи, 1990 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Damas автомобили тўхтатилиб, текширилганда, унинг салон қисмида 968 минг 900 АҚШ доллари борлиги маълум бўлган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу тумандаги ёғоч бозори ҳудудида уни кутиб турган, 1964 йилда туғилган, муқаддам судланган жиноий шериги ҳам ушланиб, унинг Damas автомашинаси салонида бўлган 672 минг 206 АҚШ доллари ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтиб, яшаётган ушбу жиноий гуруҳ етакчиси, қирғизистонлик 1974 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида ҳамда гуруҳ аъзолари бўлмиш 5 нафар Қирғизистон фуқаролари Андижон шаҳрида қўлга олинган.
“Ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 1 млн 641 минг 106 долларнинг мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 182-моддасининг 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси