ЎФА нега Кейрушни олиб келмади? Даврон Файзиев жавоб берди

Спорт 7557
image

Хабарингиз бор, кеча, 12 август куни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Матбуот хизмати Миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун Ироқ терма жамоасини бошқарган, жамоани Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан словениялик мутахассис Сречко Катанец билан оғзаки келишувга эришганини эълон қилган эди.

Бу хабардан сўнг, кўплаб футбол мухлислари терма жамоа бош мураббийлигига Катанецдан ташқари колумбиялик мураббий – Карлош Кейруш вариантининг нега кўриб чиқилмагани борасида эътирозлар билдирди. Бунга ЎФА Матбуот ва медиа департаменти директори ҳамда “UzReportTV” шарҳловчиси Даврон Файзиев ўзининг телеграм каналида пост қолдириш орқали жавоб берди:

“Футбол мухлислари Сречко Катанецнинг мураббий бўлиш эҳтимоли ҳақидаги хабарни умумий олганда анча илиқ қабул қилишди. Европа ва Осиёни кўрган, билган мутахассис. Жаҳон ва Европа чемпионатига чиққан. Ишлаган жойларида барқарор фаолият олиб борган. Ироқ билан ўсишга эришган. Эрон билан рақобатда устунлик қилган. 

Шу билан бирга, кўпчилик терма жамоа мураббийлиги борасида Карлуш Кейруш номини тилга олмоқда. Яъни номзодлар орасида унинг тайинловини кутганлар бор экан. ЎФА кўплаб номзодлар қаторида Кейруш билан ҳам алоқага чиққан. У оилавий сабаблар билан Мозамбикда экани ва айни вақтда терма жамоани қабул қила олмаслигини билдирган”, дейди Даврон Файзиев ўз Telegram каналида.

Маълумот учун, Карлуш Кейруш сўнгги бор Колумбия терма жамоасида бош мураббийлик қилган. Кейруш мураббийлик фаолиятининг асосий қисми Эрон терма жамоасига тўғри келади, бу муддат ичида португалиялик мутахассис эронликларни 2 бор Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 405
Рейтинг: 2.9
t
×